Жаҳон | 12:24 / 15.07.2022
14290
2 дақиқада ўқилади

Кремл Қозоғистоннинг Россияни тарк этган компанияларни қабул қилиш режаларига изоҳ берди

Кремл Қозоғистон расмийларининг Украинадаги уруш фонида Россияни тарк этган хорижий компанияларни кўчириш учун шароит яратиш ҳақидаги қарорига ижобий муносабатда.

Фото: Komsomolskaya Pravda

Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

«Дунёнинг исталган давлати хорижий инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратишга ҳаракат қилаётган бир шароитда, бу мутлақо нормал ҳолат. Бунга барча давлатлар, жумладан, бизнинг мамлакатимиз ҳам ҳаракат қилмоқда. Яна бир нарса шундан иборатки, ҳозир, албатта, ташқаридан бутунлай мисли кўрилмаган босим остида кўплаб компаниялар бундай қарор қабул қилишга мажбур. Афсуски, бу биз яшаётган ва ишлаётган воқелик», деди Дмитрий Песков матбуот анжумани чоғида журналистларнинг бундай қарор Россия-Қозоғистон муносабатларига зарар етказадими, деган саволига жавоб берар экан. 

14 июл куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳукуматга Россия бозорини тарк этган хорижий компанияларнинг мамлакатга жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича топшириқ берди.

Қозоғистон етакчисининг таъкидлашича, ҳозирги кунда инвестиция капитали учун глобал кураш кетаётганига гувоҳ бўлиш мумкин.

«Деярли 1400 га яқин йирик хорижий компаниялардан ҳар иккинчиси ўз фаолиятини тўхтатди ёки Россия бозорини бутунлай тарк этди. Ҳукумат уларнинг Қозоғистонга кириб келиши учун қулай шарт-шароит яратиши керак. Бу бизга ўрта ва юқори қийматдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун яхши имкониятлар беради», — деди Қозоғистон президенти ҳукумат кенгайтирилган йиғилиши давомида. 

Мавзуга оид