Ўзбекистон | 23:58 / 16.07.2022
133704
6 дақиқада ўқилади

1 порция ош 130 минг, 1 дона сомса 70 минг сўм. Ҳашаматли форумдаги давлат харажатлари

Тошкент халқаро инвестиция форумини ўтказиш учун 15 млрд сўмдан ортиқ маблағ сарфланган. Масалан, “Sky Events” МЧЖ билан 1,5 литрлик Coca-Cola ичимлигини 32 минг сўмдан, “Сочная долина” шарбатларини 48 минг сўмдан сотиб олиш бўйича шартнома тузилган.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

24−26 март кунлари бўлиб ўтган Тошкент халқаро инвестиция форумини ташкил этиш учун камида 15 млрд сўм маблағ сарфлангани хабар қилинганди. Ижтимоий тармоқларда мазкур харажатларнинг деталлари муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

15 март куни “Sky Events” МЧЖ ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ўртасида қарийб 7,3 млрд сўмлик шартнома тузилган. Шартномада форумни ўтказиш бўйича хизмат кўрсатиш, бир қанча бинолар ижараси ва умумий овқатланиш хизматларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Тасдиқланган рўйхатда:

  • бир порция малина 200 минг сўм (ҚҚС билан қўшиб ҳисоблаганда 230 минг сўм, умумий 100 порция – 23 млн сўм);
  • 1 порция қора икра 6 млн 320 минг сўм;
  • 0,33 мл “Чортоқ” минерал сувининг бир донаси 36 800 сўм (16 июл ҳолатига 500 мл “Чортоқ” минерал суви Korzinka супермаркетларида 6490 сўмдан сотилмоқда);
  • 1,5 литрлик Соса-соlа, Pepsi ва Sprite ичимликларининг ҳар бир донаси 32 200 сўм (Тошкент шаҳридаги тахминий чакана нархи 11 минг сўм);
  • “Viko” ва “Сочная долина” мевали шарбатларининг ҳар бир донаси 48 300 сўмдан (чакана бозор нархи 12-16 минг сўм оралиғида) баҳоланган.

Форумнинг март ойида бўлганлигини инобатга олсак, баъзи мевалар нархи ҳозирги нархлардан қиммат бўлган бўлиши мумкин, аммо юқоридаги ичимлик нархларининг баҳоси ўтган 4 ой давомида деярли ўзгармаган.

24 март куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва “Lyuks Taxi” МЧЖ ўртасида люкс автомобиллар ижараси бўйича 2 млрд 53 млн сўмлик шартнома имзоланган.

Келишув доирасида 21−28 март кунлари:

  • 155та “Mercedes W222″ (жами тўланган пул – 759 млн 500 минг сўм);
  • 74та “Mercedes W221/2″ (266,4 млн сўм);
  • 100та “Mercedes W221″ (316 млн сўм);
  • 186та “Mercedes Vito” (448,2 миллион сўм);
  • 148та “Malibu” (263 млн сўм) автомобиллари хизматидан фойдаланилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, “Akfa Dream World” (Hilton) компанияси билан ҳам ташриф буюрган меҳмонларни овқатлантириш бўйича 2 млрд 585 млн сўмлик битим тузилган.

Форум овқатланиш дастурхонига тортилган таомлардан айримларининг нархи қуйидагича ҳисобланган:

  • 1 дона сомса – 70 минг сўм;
  • 1 порция майда манти 50 минг сўм;
  • 1 порция ош 80 мингдан 130 минг сўмгача;
  • 1 порция норин 130 минг сўм;
  • 1 порция мастава 50 минг сўм.

Нархлар ҚҚСсиз кўрсатилган. Gazeta.uz'нинг Давлат солиқ қўмитаси маълумотларига таяниб ёзишича, “Akfa Dream World” (Hilton) бир қатор солиқлар, жумладан, ҚҚС, мол-мулк солиғи, ижтимоий солиқ, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ер солиғидан озод қилинган ёки имтиёзга эга. Биргина 2021 йилнинг ўзида компаниянинг ҚҚС бўйича имтиёзлари 21,9 млрд сўмни ташкил этган.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2019 йилда берган интервьюсида Hilton меҳмонхонаси ва Congress Hall'да қурилиш ишлари тугатилганидан сўнг, давлат ихтиёрига топширилиши, иншоотлардан даромад манбайи сифатида сифатида фойдаланилмаслиги ҳақида айтганди.

Эътиборлиси, юқорида номи тилга олинган “Sky Events” МЧЖ ва “Akfa Dream World” компаниялари деярли бир манзилда (Шайхонтоҳур тумани, Ислом Каримов кўчаси, 5-блок, 1−2-бино ва 1-бино) рўйхатдан ўтган.

Юқоридагилардан ташқари:

  • “Ahadmix-Yastreb” МЧЖ билан саҳна ва экранлар ижараси бўйича 457 млн сўмлик;
  • АКТ вазирлиги тасарруфидаги "Respublika maxsus aloqa bog`lamasi" ДУК билан овоз қурилмалари билан таъминлаш бўйича 798 млн 500 минг сўмлик;
  • “Akfa Dream World” билан зал ижараси ва таом учун 253 млн 200 минг сўмлик;
  • “International” меҳмонхонасида 1500 ўринга мўлжалланган зал ва буфет столи ижараси учун 1 млрд 190 млн сўмлик;
  • “Shoraxmat-Fayz” оилавий корхонаси билан байроқ ижараси бўйича 398 млн сўмлик шартномалар тузилган.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, вазирлик форумни ташкил этишда кўмаклашган баъзи бир ташкилотларга пулини тўлаб бермаган ва ҳозиргача қарздор бўлиб қолмоқда. Жумладан, реклама ва PR хизматларини кўрсатиб келадиган Webmedia Information компаниясига ҳам хизмат кўрсатгани учун ҳақ тўланмагани айтилмоқда.

Маълумот учун, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 56-моддасига кўра, президент фармонлари ва қарорлари ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан давлат буюртмачиларига тендер ўтказмасдан харидларни амалга ошириш ҳуқуқи берилса, харид қилиш тартиб-таомили давлат харидининг суммасидан қатъи назар, танлаш орқали амалга оширилади.

Бунда товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 минг (бюджет буюртмачилари учун олти минг, жорий нархларда 1,8 млрд сўм) баравари миқдоридан ошган ҳолларда давлат харидига доир техник топшириқлар қонунчиликда белгиланган тартибда экспертиза учун Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази”га киритилади.

Демак, ИТСВнинг бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширган юқоридаги харидлари Комплекс экспертиза қилиш маркази томонидан тасдиқланган бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 1-4 сентябрь кунлари Тошкентдаги Халқаро Конгресс марказида Ислом тараққиёт банки (IsDB) Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилиши, 29-30 сентябрь кунлари Ўзбекистон иқтисодий форуми, жорий йилнинг июнь ойида “Ўзбекистон энергетика форуми – 2022” каби тадбирлар ўтказилганди. Ушбу халқаро конференцияларга қанча пул сарфлангани ҳақидаги маълумотлар очиқланмаган.

Ўтган йили Тошкент шаҳар ҳокимлиги Россиядан келган ветеранларнинг биргина кечки овқати учун бюджетдан 27 млн сўм харажат қилгани танқидларга сабаб бўлганди.

Мавзуга оид