Ўзбекистон | 12:18 / 19.07.2022
36354
3 дақиқада ўқилади

«Ўлим водийси»дан Антарктидагача — дунёдаги энг иссиқ ҳарорат қаерда кузатилган?

Ушбу ҳафтада давом этиши кутилаётган экстремал иссиқ об-ҳаво сабаб “Ал-Жазира” нашри дунёда энг иссиқ ҳарорат қайд этилган ҳудудлар ҳақида маълумот берди.

Калифорниядаги "Ўлим водийси" миллий боғи / Фото: Getty Images

Маълумотларга кўра, кузатувлар бошланган вақтдан буён то ҳозиргача дунёнинг 22 мамлакатида Цельсий бўйича 50 даража ва ундан юқорироқ ҳарорат қайд этилган. Дунёдаги энг иссиқ ҳарорат расман 1913 йил АҚШда кузатилган. Калифорниядаги «Ўлим водийси»да қайд этилган ҳарорат 56,7 даража бўлган.

Орадан 7 йил ўтиб, 1922 йил Ливия чўлларида 58 даража ҳарорат кузатилгани ҳақидаги маълумот Бутунжаҳон метеорология ташкилоти томонидан хато экани айтилган.

Дунёнинг турли қитъаларида расман қайд этилган энг юқори ҳароратлар / Фото: “Ал-Жазира”

Африка қитъаси учун энг юқори ҳарорат 1931 йил Тунисдаги Кебили шаҳрида кузатилган бўлиб, 55 даража иссиқни ташкил қилади. Осиё қитъасида эса Эрон бу борада «етакчи»: 2017 йилда мамлакатнинг Ахваз шаҳрида 54 даража иссиқ кузатилган.

Австралиядаги энг иссиқ ҳарорат Уднатта шаҳарчасида 1960 йилда кузатилган – 50,7 даража иссиқ. Жанубий Америкада энг юқори ҳарорат расман 1905 йилда Аргентинадаги Ривадавия шаҳарчасида қайд этилган – 48,9 даража иссиқ.

Европадаги аномал иссиқ об-ҳавонинг рекорд даражаси 2021 йил қайд этилган. Италиянинг Сицилия оролида ҳарорат 48,8 даражагача кўтарилган.

Энг совуқ материк – Антарктидадаги Сеймур оролида эса 2020 йилда 20,7 даража иссиқ қайд этилган. БМТ қошидаги Бутунжаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, Антарктидада охирги 50 йилда ҳарорат деярли 3 даража кўтарилган.

Дунё иссиқроқ бўлиб бормоқда

NASA маълумотларига кўра, 1880 йилдан буён, яъни об-ҳаво ҳарорати қайд этиб борилаётган замонавий давр бошланганидан буён охирги 8 йиллик энг иссиғи бўлиб қолмоқда. Олимларнинг фикрича, глобал ҳароратнинг рекорд даражадаги исишига доир йиллик маълумотлар Ер шари иссиқроқ бўлиб бораётганини кўрсатмоқда.

Фото: Climate.nasa.gov

Ушбу графикда NASA ва бошқа илмий муассасалар томонидан 1880 йилдан 2019 йилга қадар кузатилган йиллик аномал ҳароратга доир маълумотлар акс этган. Уларнинг барчасида ўсишни кўриш мумкин.

NASA, шунингдек, 2021 йилда Ер шарининг ўртача ҳарорати 19-аср охирларидаги ўртача ҳароратдан 1,1 даража иссиқроқ бўлганини қайд этган.

Айни вақтда Осиё, Яқин шарқ, Шимолий Африка ва Европа мамлакатлари бўйлаб об-ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши иссиқдан ўлимлар ва ўрмон ёнғинларига сабаб бўлмоқда. Испания ва Португалияда жазирама қурбонлари сони 1000 нафардан ошиб кетган.

Ўтган ҳафтада Бирлашган қироллик Метеорология бошқармаси Англиянинг катта қисмида илк бор экстремал иссиқнинг қизил даражали хавфини эълон қилди. Шунингдек, яқинда қўшни Туркманистон ҳам ҳафта ўрталарига қадар об-ҳавонинг «қизил» даражали хавфини эълон қилган эди.

«Ўзгидромет» ҳам ҳафтанинг биринчи ярмида Ўзбекистон бўйлаб 38-43 даража атрофида иссиқ, республиканинг жануби ва чўл ҳудудларда эса 44-45 даражагача иссиқ бўлиши ҳақида маълум қилди. Шунингдек, иссиқ туфайли поездларнинг қатнов вақтига ўзгартиришлар киритилган.

Мавзуга оид