09:31 / 19.07.2022
13222

Россия суди Google’ни 21,7 миллиард рубль жаримага тортди

Бу июнь ойида Россиядаги шуъба корхонаси учун банкротлик жараёнини бошлаган Google учун иккинчи жарима ҳисобланади.

Фото: IMAGO

Москванинг Таганский тумани суди Google компаниясини Украинадаги уруш ҳақидаги маълумотларни YouTube’дан ўчиришдан бир неча бор бош тортгани учун 21,7 миллиард рубль жаримага тортди. Бу ҳақда 18 июль, душанба куни «Интерфакс» агентлиги хабар берди

Компания «тақиқланган маълумотларни ўз ичига олган материалларга киришни чеклаш тартибини такроран бузганлик» (Россия Федерацияси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 13.41-моддаси 5-қисми) бўйича айбдор деб топилди ва Россиядаги йиллик даромадининг 10 фоизи миқдорида жаримага тортилди.

Маъмурий жавобгарликка тортишга Роскомнадзорнинг Google’га тегишли YouTube видеохостингини Украинадаги уруш ҳақида ёлғон маълумотлар, «экстремистик қарашлар ва террористик ташкилотлар мафкурасини тарғиб этувчи», шунингдек, «портловчи моддаларни ишлаб чиқариш бўйича кўрсатмалар» ва рухсат этилмаган оммавий ҳаракатларда иштирок этишга чақириқлар бўлган материаллар «тарқатилишига атайлаб ҳисса қўшаётганлик»да айблагани сабаб бўлди.

«Баённомада санаб ўтилган материаллар Россия Федерациясида тақиқланган ва видеохостинг маъмурияти томонидан олиб ташланмаган контентнинг кичик бир қисмидир. Айни пайтда 7 мингдан ортиқ ноқонуний материаллар ўчирилмаганлигича қолмоқда», - дея маълум қилди Роскомнадзор. Судда Google вакили асоссизлик ва далиллар йўқлиги сабабли ишни тугатишни талаб қилди. 

Бу Россияда компанияга даромад миқдорига қараб қўлланиладиган иккинчи жарима ҳисобланади. 2021 йил декабрида суд Google’ни ноқонуний контентга киришни чеклаш тартибини такроран бузгани учун 7,22 миллиард рубль миқдорида жаримага тортди. 

Июнь ойи ўрталарида Google’нинг Россиядаги шуъба корхонаси - «Гугл» МЧЖ Москва арбитраж судига ўзини банкрот деб эълон қилиш тўғрисида ариза топширди. Компания юридик аҳамиятга эга бўлган маълумотларнинг федерал реестри орқали «2022 йил 22 мартдан бошлаб ўз банкротлигини прогноз қилаётгани», пул мажбуриятлари, ишдан бўшатиш нафақасини тўлаш бўйича даъволар, шунингдек тўловлар мажбуриятини бажаришнинг мумкин эмаслиги ҳақида хабар берди. 2021 йил охирида «Гугл» МЧЖ 26 миллиард рубль миқдорида соф зарар кўрди. 

Top