Донецк областидаги жангларда Швециядан келган офицер ҳалок бўлди.
Запорижжя областида Россия ва Украина ўртасида «45 га 45» формуласида жасадларни алмашув жараёни ўтказилди.
Краматорск маркази ўққа тутилди. Донецк области маъмурияти раҳбари маълумотига кўра, бир киши ҳалок бўлиб, олти киши яраланган.
Сергей Собянин, Владимир Машков, Сергей Безруков, шунингдек «Ночние волки» байкерлар клуби Европа Иттифоқининг янги санкцияларига дучор бўлди. Шу билан бирга, ЕИ Россиянинг бир қатор банкларига чекловларни юмшатишни режалаштирмоқда.
Украина Олий радаси Иван Баканов ва Ирина Венедиктовани УХХ бошлиғи ва мамлакат бош прокурори лавозимларидан бўшатди. Володимир Зеленский УХХ бошлиғи ўринбосари Володимир Горбенкони ишдан олди ва идоранинг бешта областдаги бошқармалари раҳбарларини ўзгартирди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Винницада россияликлар ракета зарбасидан қурбонлар сони 25 кишини ташкил этмоқда. Улар орасида — Украина ҳарбий-ҳаво кучларининг уч нафар офицери ҳам бор.
Reuters маълумотига кўра, Россия гази «Шимолий оқим — 1» газ қувури орқали Евроиттифоққа етказилиши 21 июлдан тикланади. Евроиттифоқ Россия газ узатишни бутунлай тўхтатишидан хавфсираётганди.
Қуйида 19 июл куни Украинанинг турли ҳудудларида олинган суратлар.
Херсон
Одесса
Днепр
Россиянинг 15 июл, жума кунги ҳужумидан кейин Днепрдаги турар жой биноси. Зарба оқибатида шаҳарнинг ўнг соҳилдаги қисми сув таъминотисиз қолган. 16 июл куни шаҳар расмийлари уч киши ҳалок бўлгани ва 16 киши яралангани ҳақида хабар берди. Россия мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, зарба оқибатида «Жанубий машинасозлик заводи» мудофаа корхонасининг «Точка-У» баллистик ракеталари учун бутловчи қисмлар ҳамда баравар ўт очиш тизимлари учун снарядлар ишлаб чиқариш ва таъмирлаш устахоналари вайрон бўлган. Днепропетровск области маъмурияти раҳбари Валентин Резниченконинг хабар қилишича, саноат корхонаси ва яқин атрофдаги кўча ўққа тутилишдан шикастланган, бу қандай корхона эканига аниқлик киритилмаган.