Жамият | 22:46 / 20.07.2022
3154
2 дақиқада ўқилади

Навоийда қотиллик ва фирибгарлик жиноятлари ошгани маълум қилинди

2022 йилнинг январ-июн ойларида Навоий вилоятида қасддан одам ўлдириш, баданга шикаст етказиш, ҳақорат қилиш ҳамда фирибгарлик каби жиноят турлари ошган. Бу ҳақда Навоий вилояти суди раиси Ҳамидулла Қудратов матбуот анжуманида айтиб ўтди.  

Фото: Навоий вилояти суди

Таъкидланишича, 2022 йилнинг ўтган 6 ойи давомида жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари томонидан 1 005 нафар шахсга нисбатан 784 та жиноят иши кўриб чиқилган. Уларнинг 104 нафари аёллар, 423 нафари ёшлар, 25 нафари 60 ёшдан ошган фуқаролар. 

Ушбу даврда 735 нафар шахс судланган бўлиб, уларнинг 54 нафарига жарима, 5 нафарига мажбурий жамоат ишлари, 281 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 179 нафарига озодликни чеклаш, 216 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган. 4 та жиноят иши бўйича 11 нафар шахс эса судлар томонидан оқланган.

Ҳамидулла Қудратовга кўра, январ-июн ойларида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан вилоятда қасддан одам ўлдириш 2 тага, қасддан баданга шикаст 4 тага, ҳақорат қилиш 21 тага ҳамда фирибгарлик 30 тага ошган. Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш, пора бериш, мансаб сохтакорлиги каби жиноят турлари эса камайган.

Шунингдек, январ-июн ойларида вилоятда фуқаролик судлари томонидан 10 448 та, маъмурий судлар томонидан 479 та иш кўриб чиқилган. Вилоят иқтисодий судлари томонидан эса 2 325 та иш кўрилиб, жами 241,3 млрд сўмлик қарз ва етказилган моддий зарарларни даъвогарлар фойдасига ундириш ҳақида қарорлар қабул қилинган.

Мавзуга оид