Жаҳон | 16:54 / 21.07.2022
10730
2 дақиқада ўқилади

Лондон Россия энергия ташувчилари ва олтинидан воз кечиш муддатини маълум қилди

Россия олтинлари билан операцияларни тақиқлаш Буюк Британияда 21 июлдан бошлаб ишлай бошлади. Йил охиригача Лондон Россия нефтидан ҳам воз кечади.

Фото: Reuters

Буюк Британия ҳукумати 21 июль, пайшанба куни Россиядан кўмир, нефть ва олтинни импорт қилишдан бош тортиш саналари кўрсатилган ҳужжатни эълон қилди. Олтинга эмбарго 21 июлдан, кўмирга - 10 августдан, нефтга - 31 декабрдан кучга киради. Қайд этилишича, мазкур ҳужжат Россияга қарши санкциялар тўғрисидаги қоидаларга ўзгартиришлар киритади. 

«Ушбу ўзгартириш нефть ва нефть маҳсулотлари, кўмир ва кўмир маҳсулотлари ҳамда олтинни олиб киришни, шунингдек, ушбу маҳсулотларни бевосита ёки билвосита сотиб олиш, етказиб беришни тақиқлайди. Олтин олиб киришни тақиқлаш 21 июль кунидан кучга кирди, 2022 йил 10 августдан кўмир импорти тақиқлаш, 2022 йил 31 декабрдан нефть импортига тақиқ кучга киради», дейилади Буюк Британия ташқи савдо идорасининг экспортчиларга эълон қилган хабарида. 

Яна бир тузатиш ушбу маҳсулотларга тегишли техник ёрдам, молиявий хизматлар ва брокерлик хизматларини кўрсатишни тақиқлайди. 

Россиядан олтин, нефть ва кўмирга нисбатан чеклов чоралари Евроиттифоқ томонидан ҳам кўзда тутилган. Бироқ, Россия олтин ва нефтига қарши санкциялар жорий қилиш муддати фарқ қилади. Хусусан, Россия олтини билан операцияларга эмбарго аллақачон келишилган, аммо ҳали кучга кирмаган, бироқ ЕИнинг еттинчи санкциялар пакети бир қисми бўлди. Нефтдан воз кечиш муддати бўйича ҳам Буюк Британия ЕИдан бошқача позицияни эгаллади, унинг санкциялари денгиз таъминотини 5 декабрдан, нефть маҳсулотларини эса 2023 йил 5 февралдан, айрим истиснолардан ташқари, тақиқлашни назарда тутади. 

Мавзуга оид