Жаҳон | 14:25 / 21.07.2022
38148
7 дақиқада ўқилади

Харкивда ҳалок бўлган ўғли тепасида дуо ўқиётган ота, Донбассда ҳужумлар давом этмоқда. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 147-куни ўтди. Сўнгги маълумотлар:

  • 20 июл тонгида россиялик ҳарбийлар Харкив шимолидаги Салтовка районини ўққа тутишди. Ракеталар автобус бекатига келиб тушган: тинч аҳоли вакилларидан уч киши ҳалок бўлган, улар орасида — 13 ёшли бола ҳам бор.
  • Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров ҳозирги вазиятда Украина билан музокаралардан «ҳеч қандай маъно йўқлиги» ва «махсус амалиёт географияси» ўзгаргани ҳақида гапирди: «Бу энди фақат «ДХР» ва «ЛХР» билан чекланиб қолмайди, балки бошқа ҳудудлар, Херсон ва Запорижжяни ҳам қамраб олади».
  • Запорижжя областининг Россия томонидан тайинланган ҳукумати украин дронлари Запорижжя АЭСга зарба бергани, натижада 11 киши яраланганини маълум қилди.
  • Белгород областида, маҳаллий расмийларга кўра, «Украина томонидан» берилган зарба оқибатида маҳаллий аҳоли вакилларидан бир киши ҳалок бўлган.
  • Евроиттифоқ Россияга қарши санкцияларнинг еттинчи пакетини тасдиқлади. Еврокомиссия раҳбари ҳисоблашича, ЕИ бутунлай Россия газисиз қолиши мумкин.
  • Марказий разведка бошқармаси директори Уильям Бёрнс Аспен шаҳрида Хавфсизлик масалалари бўйича форумда Россия ҳарбийларининг Украинадаги йўқотишлари бўйича маълумотни очиқлади: 15 минг қурбон ва 45 минг ярадор. У Украинанинг йўқотишлари бундан камроқлигини айтди.
  • Вашингтондаги Урушларни тадқиқ қилиш институти июл ойи бошида Лисичанск қўлга киритилганидан сўнг Донбассда Россиянинг юришлари суръати янада пасайганига эътибор қаратди ва рус қўшинлари энди бошқа йирик шаҳарларни, жумладан Словянск ва Бахмутни эгаллай олмаслигини прогноз қилди.

Қуйида 20 июл куни Украинанинг турли ҳудудларида олинган суратлар.

Киев области 

Елена Барва Гостомелдан 24 феврал куни кетган — бу шаҳар урушнинг илк соатларида Россия ҳарбийларининг асосий нишонига айланганди. Аёл Бучада бўлган, кейин ҳозирги яшаш жойи Ғарбий Украинага кетган. Ойлар ўтиб Елена ўзи 44 йил яшаган квартирасининг россияликлар авиазарбаларидан кейинги ҳолатини кўриш учун Гостомелга қайтди. Фото: Roman Pilipey / EPA / Scanpix / LETA
Қулаб тушиш хавфи сабаб Елена бинонинг бешинчи қаватига кўтарила олмаган. У мобил телефонига вайрон бўлган уйидан бир неча сурат олиш билан чекланган. Аёлнинг айтишича, ойнада ўз ошхонасидаги газ плитасини кўрган. Уни келажакда нима кутаётганидан у бехабар. Ҳозирча у мамлакат ғарбида қолишда давом этади, аммо қачондир яна Гостомелга қайтишдан умидвор. Фото: Roman Pilipey / EPA / Scanpix / LETA

Херсон области 

Монтажчилар Херсон областидаги билбордни ўзгартиришмоқда. Регионнинг катта қисми март ойидан буён россиялик ҳарбийлар назоратида қолмоқда. Россия томонидан тайинланган «Янги маъмурият» вакиллари бир неча бор област Россия таркибига кириши бўйича референдум ўтказилиши ҳақида анонс беришган.
Фото: Сергей Бобилев / ТАСС
Днепр устидан ўтган Антонов кўприги Херсонни областнинг чап соҳилидаги ҳудудлар билан боғлайди. Россия қўшинлари кўприк орқали ўз техникаси ва ўқ-дориларни олиб ўтади. 19-20 июл кунлари Украина кўприк бўйлаб ракета зарбалари йўллади. Агар кўприк қулаб тушса, Херсон областининг дарёнинг ўнг соҳилида жойлашган россиялик ҳарбийлар ўзининг асосий гуруҳидан узилиб қолади. Фото: Сергей Бобилев / ТАСС
Украин артиллериячилари фронтга жўнатишдан олдин қурол ва махсус техникаларни текшириб чиқмоқда
Metin Aktas / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images /Vida Press
Украин артиллериячилари Херсон областидаги ҳарбий пунктда
Metin Aktas / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images /Vida Press

Донбасс шимоли 

«ДХР» айирмачиси Авдеевка атрофидаги йўлни кузатмоқда. Шаҳар Донецкдан 13 километр масофада жойлашган ва муҳим стратегик нуқтага айланган. 19 июл куни «ДХР» Халқ милицияси вакили Эдуард Басурин Авдеевканинг бир қисми ўраб олинганини маълум қилди. Фото: Alessandro Guerra / EPA / Scanpix / LETA
Авдеевка шаҳри июл ойи бошидан буён ўққа тутилмоқда. Шаҳарда кўплаб фуқаролик объектлари, хусусан, шифохоналар, аҳоли яшаш кварталлари, автобаза ва Авдеевка коксохимия заводи жабрланган. Фото: Alessandro Guerra / EPA / Scanpix / LETA
Фронт чизиғи яқинида зирҳли техникада кетаётган украин ҳарбийлари. Фотосурат Донецк областининг айнан қайси районида олингани аниқ эмас.
Anatolii Stepanov / AFP / Scanpix / LETA
Украин аскарлари Донецкдан 60 километр масофадаги Покровск шаҳридаги ресторанда ичимликлар харид қилишмоқда. 16 июл куни россиялик ҳарбийлар шаҳар бўйлаб зарбалар йўллади. Маҳаллий расмийлар маълумотига кўра, зарбалар оқибатида камида 27 уй шикастланган, тинч аҳоли вакиллари орасида жабрланганлар бор. Фото: Nariman El-Mofty / AP / Scanpix / LETA
Днепрдан Лвивга йўл олган поездга чиқишга тайёрланаётган одамлар. 16 июл куни РФ қўшини ракета ва космик техникалар ишлаб чиқарувчи «Южмаш» заводини ўққа тутди. Маҳаллий расмийлар уч киши ҳалок бўлган, 16 киши яраланган. Фото: Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA
Днепрлик киши Лвивга жўнаб кетаётган поезд олдида қизи ва мушук билан хайрлашмоқда. Фото: Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA
Константиновкадаги зарбага учраган омборда турган трактор.
Wojciech Grzedzinski / The Washington Post / Getty Images

Харкив области 

20 июл тонгида Салтовкага берилган ракета зарбалари оқибатида ҳалок бўлган аёл жасадини олиб кетаётган эркаклар. Маҳаллий расмийларга кўра, «Ураган»дан берилган зарбалар жамоат транспорти бекатига келиб тушган. Маҳаллий аҳоли вакилларидан уч киши ҳалок бўлган.
Nacho Doce / Reuters / Scanpix / LETA
Ҳалок бўлганлардан бири 13 ёшли бола. У бу ерда 15 ёшли опаси билан бирга автобус кутиб турган — қиз тирик қолган, аммо шифохонага ётқизилган.
Sergey Kozlov / EPA / Scanpix / LETA

Ота ҳалок бўлган ўғли жасади тепасида икки соат дуо ўқиди. Бу вақт мобайнида у боланинг қўлидан ушлаб турди, унинг ёнидаги полициячи эса унга тасалли берди. Фото: Narciso Contreras / An​adolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press

 

Мавзуга оид