Жаҳон | 13:33 / 22.07.2022
12855
2 дақиқада ўқилади

Лондон: Россия махсус ракеталар йўқлиги сабабли ҲҲМ тизимини қуруқликдаги нишонлар учун ишлатяпти

ҲҲМ ракеталари ерусти нишонларига қарши фойдаланиш учун оптималлаштирилмаган, шунинг учун улар тинч аҳолининг қурбон бўлишига олиб келиши эҳтимоли юқори, дея маълум қилди Буюк Британия Мудофаа вазирлиги.

Фото: Getty Images

Британия ҳарбий разведкаси маълумотларига кўра, қуруқликдаги ҳужумлар учун махсус ракеталарнинг кескин танқислиги сабабли, Россия армияси ушбу мақсадлар учун иккиламчи ҳужум режимида ҳаво ҳужумидан мудофаа ракеталаридан тобора кўпроқ фойдаланмоқда. «Ушбу қуроллар мўлжалланган нишонларга тегмаслиги ва тинч аҳоли орасида қурбонларга олиб келиши эҳтимоли юқори, чунки ушбу ракеталар бу роль учун оптималлаштирилмаган, экипажлар эса бундай миссияларга етарли даражада тайёрланмаган», дея маълум қилди Буюк Британия Мудофаа вазирлиги 22 июль, жума куни Twitter’да.

Кейинчалик таъкидланишича, Россия урушнинг бошиданоқ С-300 ва С-400 стратегик ҲҲМ тизимларини Украина яқинида «аниқ» жойлаштирди, улар узоқ масофалардаги самолётлар ва ракеталарни йўқ қилиш учун мўлжалланган. «Бу қурол самолётларни йўқ қилишда ишлатилувчи нисбатан кичик жанговар каллакларга эга. Улар очиқ ва енгил бинолардаги қўшинлар учун жиддий хавф туғдириши мумкин, аммо мустаҳкам тузилмаларга кириб бориши даргумон», дея қайд этган идора.

Лондон, шунингдек, 21 июль куни Миколаив области ҳарбий маъмурияти раҳбари Виталий Ким Россия қўшинлари област инфратузилмаси, энергетика объектлари ва омборларини йўқ қилиш учун еттита зенит-ракета мажмуасидан фойдалангани тўғрисида маълум қилганини эслатди.

Мавзуга оид