Мирзиёев ташаббуси

Марказий Осиё давлат раҳбарлари Иссиқкўлда тўртинчи марта маслаҳатлашув учун йиғилди. Галстукларсиз ўтиши билан ажралиб турувчи бундай форматдаги учрашувнинг ташаббускори Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳисобланади. 2017 йил Самарқандда БМТ билан ҳамкорликда ўтказилган конференцияда Мирзиёев минтақа давлатлари ҳар йили маслаҳатлашув учун йиғилиб туришини таклиф қилганди. Буни барча бир овоздан қўллаган ва Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоев биринчи учрашувни Остонада ўтказишни таклиф қилганди.

Шу тариқа, биринчи маслаҳатлашув учрашуви 2018 йил 15 мартда Остонада ўтказилди. 2019 йил ноябрда Марказий Осиё давлатлари етакчилари иккинчи маслаҳатлашув учун Тошкентда йиғилди. 2020 йил Бишкекда ўтиши режалаштирилган маслаҳатлашув коронавирус пандемияси сабаб қолдирилди. 2021 йил етакчилар Туркманистоннинг «Аваза» миллий туристик марказида учрашишди. Иссиқкўлдаги учрашув тўртинчиси бўлди.

Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан йўлга қўйилган ушбу форматдаги учрашувларнинг ҳаммаси ҳар хил таркибда ўтган. Масалан, Остонадаги илк учрашувга Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов бормаган ва ўз ўрнига сенат раиси Акжа Нурбердиевани юборганди. Кейинги йил Тошкентга Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўзи келди. 2021 йил Туркманистонда ўтган йиғилишга келиб икки давлатда раҳбарлар ўзгарганди. Қирғизистонда Жеэнбеков ўрнига Жапаров, Қозоғистонда Назарбоев ўрнига Тўқаев келди. Иссиқкўлдаги учрашувда эса иштирокчиларнинг фамилияси ўзгаришсиз қолди. Фақат Турманистон номидан собиқ президентнинг ўғли ва янги президент Сердар Бердимуҳамедов иштирок этди.

Фото: Тожикистон президенти расмий сайти.

Мирзиёев нималар деди?

Ўзбекистон президенти бу форматдаги учрашувларнинг самараси одамлар ҳаётида сезила бошлаганини айтар экан, аввало минтақа давлатларининг фуқаролари бир давлатдан бошқа давлатга осон ҳаракатланиши муҳим эканини таъкидлади. Шунингдек, Мирзиёев минтақадаги давлатлар Марказий Осиё манфаатларини ҳимоя қилиш учун қатъий чоралар кўриши керак бўлса, Ўзбекистон бунга тайёрлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда минтақа ичидаги савдо улушига мамлакатлар ўртасидаги умумий товар айланишининг 5 фоизидан 10 фоизигача бўлган қисми тўғри келмоқда ва бу кам, мавжуд салоҳият бу рақамларни катталаштириш имконини беради.