07:38 / 23.07.2022
4276

Озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш бўйича 1000 дан ортиқ қоидабузарлик ҳолати аниқланди

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг ҳудудий тузилмалари томонидан республикадаги тўққиз мингга яқин дўкон, киоска, ларёк ва павильонлар каби бошқа савдо объектларида ўрганиш ишлари олиб борилди. 

Фото: Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги

1033 та, яъни 12 фоиз ҳолатда чакана савдо қоидалари талаблари бузилган. Шундан 764 та ҳолатда озиқ-овқат маҳсулотларини қуёш тагида сақлаш фактлари аниқланган.  Аслида озиқ-овқат товарларини витринада қуёш нурлари ва ёғингарчиликларнинг тўғридан тўғри таъсирига учрайдиган ҳолатда сақлашга ва жойлаштиришга йўл қўйилмайди.

Бундан ташқари, махсус жиҳозланмаган 50 та савдо шохобчаларининг расталарида гўшт ва гўшт маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари сотилаётгани маълум бўлди. Савдо қоидаларига асосан, гўшт-сут, балиқ, қандолатчилик маҳсулотлари (бисквит тортлар ва бошқалар), ярим тайёр маҳсулотлар, тайёр масаллиқлар ва бошқа тез бузиладиган маҳсулотларни сотишга фақат совитиладиган пештахталар, витриналар бўлган тақдирда рухсат берилади. 

45 та ҳолатда эса тухум маҳсулотларини сақлаш меъёрларига амал қилинмаган, улар юқори ҳароратда, қуёш тиғида сотилаётгани кўзга ташланган.  Савдо дўконлари пештахталарида 58 та ҳолатда ювиш воситалари, нон, ун ва бошқа ун маҳсулотлари  ёнма-ён жойлаштирилган, 3 та ҳолатда музлаткичлар етишмаслиги, 10 та ҳолатда вазнлаб сотиладиган маҳсулотлар очиқ ҳолатда расталарда сотувга қўйилган. 

Тартиб-қоидага асосан янги резавор мевалар усти енгил газлама (масалан, дока ва ҳоказолар) билан ёпилиши керак. 103 та ҳолатда бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари тартибсиз жойлаштирилгани аниқланган.

Top