Ўзбекистон | 12:02
834
1 дақиқада ўқилади

Совуқ қуролга оид қоидабузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилди

Янги қонунга кўра, жамоат жойларида совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ноқонуний равишда олиб юриш учун жавобгарлик кучайтирилиб, болаларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсларга қурол сақлаш ҳуқуқи чекланади.

Фото: iStock

ЎРҚ–1133-сонли қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда “Қурол тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Унга мувофиқ, совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни жамоат жойларида очиқ ҳолда олиб юриш, агар бу ҳуқуқбузарлик учун аввал маъмурий жазо қўлланилган бўлса ва у бир йил ичида такроран содир этилса, БҲМнинг 1 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жаримага сабаб бўлади.

Шунингдек, қонунчиликка киритилган ўзгартишларга кўра, болаларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан ҳимоя ордери амал қилган даврда уларнинг фуқаровий қуролни сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқи чекланади. Бундай ҳолларда қурол ва унинг ўқ-дориларини олиб қўйиш ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади.

Мазкур қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид