Антонов кўприги тутун ичида. Херсондаги Россия гуруҳи қуршовга тушиши мумкинми?
Херсон яқинидаги кечувнинг аҳамияти нимада ва унинг йўқ қилиниши украин армиясига нима беради?
Украин ҳарбийлари ўтган ҳафтада Антонов кўпригини ўққа тутишди - бу Россия армияси томонидан босиб олинган Херсон области ҳудудидан ўтган Днепр дарёсининг ўнг ва чап соҳилини боғловчи стратегик муҳим аҳамиятга эга бўлган кўприкдир. Агар кўприк вайрон қилинса, Херсондаги россияликлар гуруҳи алоқа ва таъминотсиз қолади. Киев Москвага навбатдаги «эзгу ният қадами»ни ташлаган ҳолда шаҳардан чекиниш кераклигига ишора этмоқда. Аммо Херсон областидаги асосий кўприкларни шунчаки йўқ қилиш осонми ва Украина қуролли кучлари шундай йўл тутиши мумкинми?
Россия армиясининг Қримдан Херсон областига ёриб кириши Украинадаги «блицкриг»га уринишдаги ягона муваффақият бўлганди. РФ қуролли кучларининг штурмчи отрядлари урушнинг илк кунларидаёқ яриморолдан Днепрнинг ўнг соҳилигача етиб келишган ва Херсонни эгаллашганди.
Ўшанда бу муваффақиятнинг асосий омили Днепр дарёсидек табиий сув тўсиғи мавжуд бўлган ҳолатда ҳужум амалиётлари тезлиги учун стратегик аҳамият касб этувчи асосий кўприклар устидан назорат ўрнатиш бўлганди.
Гарчи кейинроқ Миколайив томон юришларни украин армияси тўхтата олган ва ҳатто россиялик ҳарбийларни ортга чекинтирган бўлса-да, россияликлар Днепрнинг ўнг соҳилидаги плацдармни ҳамон сақлаб қолишмоқда.
Шу билан бирга, Украина қуролли кучлари Херсон областидаги асосий кўприкларга зарбалар бера бошлагач, Россиянинг бу ҳудуддаги гуруҳи тақдири тобора кўп саволлар туғдирмоқда.
Портлатилмаган Антонов кўприги ва бошқа кечувлар
Херсон областида Днепр орқали ўтадиган учта асосий кечув бор: Херсон яқинидаги Антонов автомобил кўприги (ёки шунчаки «Антонов кўприги»), ундан 6 км шимолдаги Антонов темирйўл кўприги, шунингдек Нова Каховкадаги Каховка сув омбори дамбаси - бу Херсондан 70 км шимолда.
Айнан Антонов кўприги энг асосийси ҳисобланади - у Херсонга энг яқин жойлашган ўтиш йўлидир.
Бу кўприк 1985 йилда қурилган, 31 та таянч устуни бор, йўл кенглиги 25 м, узунлиги - 1366 м. Кўприк Днепр ва унинг чап ирмоғи Конка устидан ўтади.
Россия армияси Антонов кўпригини урушнинг иккинчи кунида эгаллаб олган - 25 феврал куни Херсон области маъмурияти «украин армиясининг саъй-ҳаракатларига қарамай, Херсонга олиб ўтувчи кечув устидан назорат бой берилгани» ҳақида хабар берганди.
Украина армияси нима учун босқиннинг илк кунидаёқ Антонов кўпригини портлатмаганди - бу урушнинг илк босқичидаги жумбоқлардан бири бўлиб қолмоқда. Қолаверса, кўпчилик ҳарбий шарҳловчилар фикрича, Украина жанубини мудофаа қилиш режалари бу кўприкларни портлатишни назарда тутган ва машғулотларда шундай амалиётлар устида ишланган.
Антонов кўприги 24 ва 25 феврал кунларида бутун қолгани урушнинг илк соатларида кузатилган умумий хаос, шунингдек у орқали тинч аҳоли вакиллари интенсив ҳаракатлангани билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Ўшанда кўприк мудофааси учун қолдирилган 59-алоҳида мотоўқчилар бригадаси танк ротаси командири Дмитрий Дозорчий кўприк учун жанг вақтида фуқароларнинг ўзини тутишидан шокка тушганини ҳикоя қилади.
«Кўприк бўйлаб танк кетмоқда, душман нишонига қарата ўт очмоқда, қаршидан эса енгил автомобил яқинлашиб келади: одамлар сигнал чалишади, қўл силкишади, телефонларига тасвирга олишади. Фура ўтади, душман бизнинг танкни пойлаб ўт очади, ўқ фурага тегади. У ёниб кетади, одамлар эса барибир кўприк бўйлаб ўтишда давом этади ва барчасини телефонга тасвирга олишади. Мен учун бу шок бўлганди: бу ерда кўприк учун фаол ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда, одамлар эса қандайдир 5D кинофильмидаги каби биринчи қаторларда туришибди», дея ҳикоя қилади танкчи.
Каховкадаги ГЭСни эса (унинг тўғони - Херсон областидаги Днепр устидаги яна бир ўтиш йўли) россияликлар 24 феврал куниёқ эгаллашганди - айнан шу ердан Шимолий-Қрим канали бошланади, бу канал йўлини очиш Россиянинг асосий мақсадларидан бири эди.
Россия гуруҳи қуршовга тушиши мумкин
Украина қуролли кучлари Антонов кўпригига илк зарбани 19 июл куни йўллади, кейинги куни зарбалар такрорланди, россияликлар томонидан тайинланган маҳаллий расмийлар эса ўтиш йўлини тўсиб қўйишга тўғри келгани ҳақида маълум қилишди.
«Биз транспорт қатновини тўхтатиб турамиз. Херсон шаҳрига Днепр орқали ўтиш учун бошқа йўлни топамиз. Шаҳар чап соҳил билан алоқасиз қолмайди», деган Россия медиаси вакиллари билан суҳбатда Херсоннинг «янги ҳукумати» вакили Кирилл Стремоусов.
Ундан аввалроқ Нова Каховкадаги ГЭС ўққа тутилгани маълум бўлганди.
«Антонов кўприги ва Нова Каховкадаги кўприк - боғлаш нуқталаридир, россиялик ҳарбийлар ўнг соҳилда ҳарбий ҳаракатлар олиб бориши ушбу нуқталарга боғлиқ. Россия армияси бу икки магистрал орқали Миколайив ҳамда Кривой Рогга таҳдид солиб туради», дея изоҳлайди украиналик ҳарбий корреспондент Юрий Бутусов ўз канали «Бутусов+» эфирида.
«Кўприклар вайрон қилингач, душман ўнг соҳилдаги ҳарбийларига понтонлар орқали таъминот етказиб бериши жуда қийин бўлади. Бу жуда хавфли, шу билан бирга, понтонларнинг ўтказиш қуввати анча паст. Шу тариқа, украин қўшинлари янада фаолроқ ҳаракат қилиб, Херсон областининг ўнг соҳилдаги қисмини озод қилиш ҳамда Херсон ва Нова Каховка шаҳарларига яқинлашиш учун қулай шароит ҳосил бўлади», дея қўшимча қилган Бутусов.
Жанубий йўналишда хизмат қилаётган украиналик офицер анонимлик асосида BBC билан суҳбатда ҳозирда Антонов кўпригини тўсиб қўйиш муҳимлигини тасдиқлаган.
«Агар Нова Каховкани ҳам кесиб қўйсак - россияликларнинг бутун гуруҳи қопга тушади. Улар логистикасиз тамом бўлади. Улар қуршовга тушиб қолиш хавфини тушуниб туришибди ва понтонларни олиб келишмоқда. Аммо понтонлар - жуда кўп вақт олади. Қолаверса, агар биз кўприкка етиб борсак, понтонларни ўққа тутиш янада осон бўлади», деган ҳарбий.
Россияликлар март ойида Херсондаги гуруҳни Қримдан авиация орқали таъминлаш учун Чернобаевка аэродромига катта умидлар боғлашганди, аммо аэродром украин ҳарбийларининг тинимсиз зарбалари остида қолгач, кўприкларга бошқа муқобил қолмади.
«Уларга Чернобаевкага учиб келиш учун бир неча дақиқа етарли эди. Уларнинг асосий аэродроми Чаплинкада», дея қўшимча қилган офицер. Чаплинка - дарёнинг чап соҳилида, Херсон шаҳридан 70 км жануби-шарқда, Россия армияси фронтортида жойлашган.
Ҳарбий шарҳловчи ва публицист Михаил Жирохов BBC билан суҳбатда украин армияси учун темирйўл кўпригини блоклаш ҳам муҳимлигига эътибор қаратади.
«Антонов кўприги ва Нова Каховка дамбаси ҳақида гапирганда, темирйўл кўприги ҳақида ҳам унутмаслик керак - ҳозирги шароитда россияликлар учун бу йўлнинг аҳамияти олдинги иккисиникидан кўра муҳимроқ бўлади, маълумки, Россия армияси логистикаси биринчи навбатда темирйўллар орқали ташишга таянади», дейди у.
Айланма йўл
Антоновдаги кўприклар (автомобил ва темирйўл) блокировкаси - Нова Каховкадаги дамба бутун турса ҳам - Россия армиясининг Херсондаги гарнизони тақдирини хавф остида қолдиради.
Бу ҳолда логистика Днепрнинг ўнг соҳилида яна 70 километрга узайишидан ташқари Россия армияси таъминотида янги муаммолар ҳам пайдо бўлади.
Чунки айланма йўл яна бир дарё - Ингулец орқали ўтади. Бу дарё устида фақат битта кўприк бор. Ва Дарьевка қишлоғи ҳудудидаги бу кўприк ҳам вайрон қилиниши мумкин.
«Ингулецда ўрнатиладиган понтонларни «Ҳимарс»лар орқали бузиб ташлаш эса қийин бўлмайди», дея прогноз қилади украин офицери.
Йўқ қилишми ёки зарба остида ушлаш?
Кўприкларни бутунлай вайрон қилиш (шунчаки шикастлаш эмас), айниқса Антонов каби йирик кўприкларни йўқ қилиш - реактив артиллерия учун осон иш эмас.
«Ҳозирда Украина қуролли кучлари Антонов кўпригини бутунлай йўқ қилиш учун етарли бўлган ўт очиш кучига эга эмас. Биз сўнгги кунларда гувоҳи бўлган зарбалар кўпроқ огоҳлантириш характерида. Кўприкни чиндан ҳам йўқ қилиш учун 90 килограммли жанговар каллакларга эга HIMARS эмас, ҳатто «Точка» эмас, балки авиация орқали 500 килограммли бомбалар ташланиши керак бўлади», дея қайд этади Михаил Жирохов.
«Ҳатто катта имкониятларга эга россияликлар ҳам фақат тўртинчи уринишда Одесса областидаги Затоку орқали ўтган кўприкни йўқ қилишга муваффақ бўлди, қолаверса бу зарбалар қанчалик самарали бўлганига шубҳа бор», дея қўшимча қилади у.
«Шунинг учун, мен ўйлайманки, бизнинг қўмондонлигимиз кўприкни бутунлай ишдан чиқариш муаммо эканини тўғри тушунади ва фақат уч кўприкни зарба остида ушлаб, таъминотни тўсишни режалаштирган», дея тахмин қилади ҳарбий шарҳловчи.
Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Алексей Арестович ҳам «Фейгин Live» канали эфирида Украина қуролли кучларининг мақсади кўприкларни зарба остида ушлаб туриш эканини айтди.
Унинг сўзларига кўра, Антонов кўпригини ўққа тутишдан мақсад уни яксон қилишга эмас, у орқали ўтувчи «юклар, қуроллар, ҳарбий техникалар ва жонли кучлар ҳаракатига тўсқинлик қилиш»га қаратилган.
«Албатта, темирйўл кўприги ва Нова Каховка қолмоқда, аммо биз кўрсатиб қўйдик: йигитлар, буларнинг бари Украина қуролли кучлари зарбаси остида», дея изоҳлаганди Арестович.
«Каховкада дамба бор, уни осонликча вайрон қилиб бўлмайди. Аммо у ерда ҳаракатланаётган барча нарсани зарба назоратига олиш мумкин. Нимадир ҳаракатга тушса - унга қарата зарба учиб боради. Ва ҳаракатга тушишни истовчилар сони камайиб бораверади. Энг асосийси - бу уларнинг ҳаракатини жуда қийинлаштиради», дея қўшимча қилади маслаҳатчи.
Херсонлик журналист Иван Антипенко эса Антонов кўпригига йўлланган зарбаларнинг рамзий аҳамияти ҳақида ёзади: «Украина қуролли кучларининг кўприк атрофидаги муваффақиятли ҳаракати ва россияликлар таркибига зарбалари жиддий психологик таъсир кўрсатади: оккупация остидаги одамлар Украина уларни ташлаб қўймаганини кўришди. Россия пропагандаси бу ҳақда алдаётгани аҳамиятга эга эмас».
Антонов кўприги вайрон қилиниши украин армияси Херсон областининг Днепр дарёси ўнг соҳилини тўлиқ назоратга қайтарган ҳолда, чап соҳилга ўтишини қийинлаштиради.
Шу билан бирга, Россия армияси чекингудек бўлса, барибир катта эҳтимол билан дарёдан ўтиш йўлларини портлатиб юборади.
«Албатта, Антонов кўпригини вайрон қилишнинг минуси бор, уни кейин яна тиклаш керак бўлади. Аммо йўлни узиб қўйишнинг плюслари кўпроқ - бу россияликларни асирга тушишга олиб келиш ва Херсонни вайрон бўлишдан сақлаб қолиш имкониятидир», деган жанубда жанг қилаётган украин офицери.
Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михаил Подоляк 21 июл куни твиттерда шундай ёзганди: «Антонов кўприги - ҳозирча «эзгу ният қадами» учун актуал, бу шунга ишора қилади: россияликлар қўшини Херсонни ўз ихтиёри билан тарк этишининг айни вақти. Акс ҳолда - доимий зарбалар, тунги қўрқувлар, ваҳимали ҳужумлар ва HIMARS. Имкониятлар доираси торайиб боради, худди украин артиллерия зарбалари аниқлиги каби».
Мавзуга оид
00:35
«Европадаги исталган нишонни йўқ қила олади» – Путин «Орешник» яратувчилари билан учрашди
22:08 / 23.11.2024
Путин Курск областини қайтариш муддатини белгилади — Зеленский
17:55 / 23.11.2024
WSJ: Украина ўзининг баллистик ракетасини яратиш устида иш олиб бормоқда
13:12 / 23.11.2024