Нурмуродов ва Қўчқоров имтиёзли кредитларни тўхтатиш кераклигини айтди. Аниқ режалар эса йўқ
Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов ҳукуматдан имтиёзли кредитларни тўхтатишни сўраётганини айтди. Кўп ўтмай бош вазир ўринбосари имтиёзли кредитлашни йўқ қилиш ва банкларни хусусийлаштириш кераклигини таъкидлади. Бу қачон амалга ошиши мавҳумлигича қолмоқда.
Ўзбекистон Марказий банки ҳукуматдан имтиёзли ва директив кредитлар ҳажмини камайтиришни ва банкларга бозор шароитида ишлашга рухсат беришни сўраган. Бу ҳақда 21 июлдаги матбуот анжуманида МБ раиси Мамаризо Нурмуродов маълум қилди.
“Бу – Марказий банкнинг асосий вазифаларидан бири”, деди у.
Регулятор раҳбарига кўра, имтиёзли кредитлашни тўхтатишга иқтисодий ва геосиёсий вазият йўл бермаяпти.
“Тўғри тушунишимиз керак, ҳозир бутун дунёда камбағаллик даражаси ошиб бораётган шароитда биз бугунги кундаги имтиёзли кредитларни тақа-тақ тўхтатиб қўйиб, кичик бўлса ҳам тадбиркорлик билан шуғулланаман деган фуқароларимизга қийинчилик яратиб қўйишимиз эҳтимоли юқори”, – деди Нурмуродов.
Унга кўра, Марказий банк ҳукумат билан имтиёзли кредитлар ўрнига компенсация механизмини кенгайтириш бўйича иш олиб бормоқда.
“Компенсация механизми ўтган йилга қараганда қарийб 4 бараварга кўпайди. Олдин биз имтиёзли кредитларни маълум бир ставкада белгилар эдик, ҳозир 14 фоиздан паст белгиланмаяпти, олдинлари ундан ҳам паст белгиланарди”, – деди МБ раиси.
Ҳукумат ҳам имтиёзли кредитлардан воз кечиш тарафдори
Бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт вазири Жамшид Қўчқоров 22 июл куни Сенат ялпи мажлисида кредитлар талон-торож қилинаётгани ҳақидаги саволга жавоб бераркан, муаммо ечими иккита эканини айтди.
“Биринчи навбатда имтиёзли кредитларни йўқ қилиш масаланинг ечими бўлади. Қачонки имтиёзли кредит бўлмаса, кредит бериш жараёни тартибга тушади.
Иккинчидан, банкларимизни хусусийлаштириш керак. Хусусий банкларнинг эгалари ҳалол, пок, легал, дивиденд орқали даромад олиш учун талон-торож масаласи билан ҳам ўзи шуғулланади. Албатта, ўғрилик ҳамма жамиятларда ҳам бор”, – деди Қўчқоров.
Имтиёзли кредитлар камбағалликни қисқартирадими?
Имтиёзли кредитлар камбағалликни қисқартирадими деган савол жуда баҳсли.
Kun.uz ажратилган имтиёзли кредитлар талон-торож қилинган, кўплаб оилаларни камбағалликдан чиқариш ўрнига қарзга ботириб қўйганига оид кўплаб материаллар эълон қилган.
Шу йил апрелида Андижонда имтиёзли кредит асосида товуқ олиб зарарга қолаётган оилалар ҳақида хабар берган эдик. Бир неча кун илгари эса имтиёзли кредит асосида қурилган иссиқхоналар 2 йилда хароба ҳолга келиб қолгани ҳақида ёздик.
Оилавий тадбиркорлик учун ажратилаётган имтиёзли маблағларга оид муаммолар бўйича аввалги йилларда ҳам сайтимизда қатор суриштирувлар эълон қилинган.
Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов ўз чиқишларида имтиёзли кредитлаш коррупцияга мойилликни юзага келтиришини бир неча бор таъкидлаб ўтган.
“Имтиёзли кредит бор жойда муайян даражада коррупция элементлари ҳам бўлади. [...] Қаерда имтиёзли кредит бўлса, албатта, [маблағни] бошқа мақсадда ишлатишга мойиллик ҳам бўлади”, деганди МБ раҳбари 2020 йилдаги матбуот анжуманларидан бирида.
Нурмуродов, шунингдек, 2021 йилдаги чиқишларидан бирида “бозор тамойилларидан қанча кўп чеклансак, коррупцияга мойиллик ортиб бораверади”, дея таъкидлаганди.
“Имтиёзли кредитлар бошқа кредитларнинг нархини оширади ва солиқ тўловчилар елкасига юк бўлиб тушади”
Иқтисодчилар ҳукуматни банклар ишига аралашмасликка, имтиёзли кредитлар камбағал қатламга ҳам, бошқа солиқ тўловчиларга ҳам ва ниҳоят банкларга ҳам зарар бўлишини айтиб келади. Шундай фикрлардан айримларини келтирсак.
Беҳзод Ҳошимов, иқтисодчи:
— Инсон ўзи ҳам билмайди кредитни тўлай оладими-йўқми, банкка боргандан кейин улар ўйлаб айтишади: “сизга бера оламиз, ёки йўқ”. Бунга давлат аралашса, рағбатларни нотўғри қўяди ва қурби етмайдиган одам ҳам ўша кредитни олишга имконияти бўлади.
Бу – маблағларни самарасиз тарқатиш билан бирга, ўша инсонларни билмаган ҳолда, баъзан хоҳламаган ҳолда жуда чуқур молиявий ўра ичига тушириб қўяди. Шунинг учун, ўйлайманки, кредит ва қарз пулларини тарқатишда давлат институтлари, айниқса, давлат ҳокимияти институтлари аралашмаслиги мақсадга мувофиқ. Шунда молиявий бозорда ресурслар тўғри тақсимланади.
Ботир Қобилов, иқтисодчи:
— ... Қачонки банкларимизда давлатнинг ўрни кескин қисқарса, банклар орқали имтиёзли кредитлар ва шунга ўхшаш ижтимоий дастурлар доирасида ресурсларни тақсимлашни бас қилиб харажатларни қисқартирсак, банкларга хизматлар нархини эркин белгилашда эркинликни берсак, банклараро рақобат бўлса, бу бозорга кириш/чиқишга чекловлар бўлмаса, ана ўшанда банк тизимидаги муаммолар пайдо бўлмасидан аввал йўқ бўлиб кетар эди. Марказий банк мустақиллиги ҳам ўша рўйхатнинг биринчисида туради.
[...] Имтиёзли ва муаммоли кредитларни қоплаш ҳар доим солиқ тўловчиларнинг бўйнига тушади – бевосита ҳам, билвосита ҳам. Муаммоли кредитлар йиғилиб, кредит фоиз ставкасини бозор нархида белгилай олмасдан, тавсия қилинган “мақбул фоиз ставкаси” доирасида кредит бериши натижасида ошиб бораётган харажатларни тижорат банки албатта истеъмолчига юклаши табиий. Истеъмолчи фойдаланадиган хизмат турлари нархи, комиссияси ошиши орқали билвосита харажатларни қоплашга ҳаракат қилинади.
Миркомил Холбоев, иқтисодчи:
— Имтиёзли кредитлар баъзи аҳоли гуруҳларининг даромадини вақтинча ошириши мумкин, лекин биринчидан, бу катта эҳтимол билан узоқ муддатда сақланиб қолмайди. Яъни даромади ошган аҳоли яна олдинги даромад даражасига қайтади (ҳеч бўлмаганда бир қисми). Иккинчидан берилаётган бу имтиёзлар имтиёзга эга бўлганлардан бошқа ҳаммага зарар. Бошқача айтганда, бу имтиёзли кредитлар бошқа ҳаммани камбағаллаштиради. Энг муҳим жиҳати шундаки, ҳамманинг камбағаллашишини қўшиб ҳисоблаганда, бу имтиёзга эга бўлганларнинг фойдасидан анча кўп чиқади. Яъни бошқача айтганда, бу имтиёзли кредитлар умумий фаровонликни пасайтиради.
Биринчидан, имтиёзли кредитлар, бошқа кредитларнинг фоиз ставкасига таъсир қилади. Яъни бошқа кредитларнинг фоиз ставкасини оширади (ёки пасайишига тўсқинлик қилади). Иккинчидан, имтиёзли кредитлар, инфляцияга таъсир қилади, ёки инфляциянинг ошишига ёки унинг секинроқ пасайишига сабаб бўлади. Юқори инфляция эса асосан камбағал аҳоли қатламининг фаровонлигига салбий таъсир қилади. Бошқача айтганда, биз аҳолини камбағалликдан чиқариш учун қабул қилаётган қароримиз аслида камбағалларни кўпроқ қийнайди.
Мадина Очилова тайёрлади.
Мавзуга оид
17:46 / 26.12.2024
Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 60 млрд доллардан ошди
19:05 / 25.12.2024
Apple Pay ва Google Pay Ўзбекистонга киришни нега рад этаётгани маълум бўлди
11:21 / 25.12.2024
Марказий банк Исломий молиявий хизматлар кенгашига аъзо бўлди
19:28 / 18.12.2024