Ўзбекистон | 07:27 / 27.07.2022
12659
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон бозорларида лимон, пиёз ва гуруч қимматлашди

Жорий йилнинг 1–24 июль кунлари давомида асосий турдаги қишлоқ хўжалиги ва гўшт маҳсулотлари улгуржи нархлари ўзгариши юзасидан таҳлилий маълумот эълон қилинди.

Фото: Kun.uz

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги хабарига кўра, ушбу давр мобайнида бозорда булғор қалампири (қизил) мандарин ва олма 2 500 сўмга, картошка (янги ҳосил, импорт) ҳамда карам 250 сўмга, помидор (қизил) 500 сўмга арзонлаган.

Шу билан бирга, киви 8 500 сўмга, лимон 7 500 сўмга, бақлажон 4 100 сўмга, саримсоқ пиёз 3 000 сўмга, турп 2 750 сўмга, ловия ва гуруч (аланга) 1 500 сўмга, пиёз 1 100 сўмга, гуруч (лазер) 1 000 сўмга, бодринг ва булғор қалампири (яшил) 500 сўмга ҳамда лавлаги 250 сўмга ошган.

1–24 июль кунлари умумий қиймати 74,4 млн АҚШ долларлик (ўтган йил мос даврига нисбатан 16 млн доллар кўп) жами 112,6 минг тонна (10,9 минг тонна кўп) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти амалга оширилди.

Мазкур даврда 15,6 минг тонна олхўри, 12,9 минг тонна қовун, 10,9 минг тонна тарвуз, 8,5 минг тонна узум, 7,2 минг тонна пиёз, 4,3 минг тоннадан ловия ва сабзи, 3,4 минг тонна олма, 2,3 минг тонна анжир, 2,1 минг тонна шафтоли, 1,9 минг тонна қуритилган мева ташқи бозорларга етказиб берилган.

Шунингдек, 4,5 млн АҚШ доллари (ўтган йил мос даврига нисбатан 1,5 млн доллар кўп) қийматидаги жами 7,5 минг тонна (1,0 минг тонна кўп) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хусусан, 2,8 минг тонна банан, 2,5 минг тонна картошка, 264,9 тонна апельсин, 163,7 тонна олма, 85 тонна лимон импорт қилинган.

Қўйлиқ бозорига 1–24 июль кунлари ҳудудлардан жами 22,3 минг тонна, хусусан, 7,8 минг тонна картошка, 9,6 минг тонна пиёз, 848 тонна карам ва 4,0 минг тонна сабзи келтирилган. 

Ҳудудлар ва маҳсулотлар кесимида таҳлил қилинганда: Самарқанддан 4 766 тонна, Тошкент вилоятидан 1 763 тонна, Намангандан 1 259 тонна картошка; Тошкент вилоятидан 6 381 тонна, Жиззахдан 1 884 тонна, Сурхондарёдан 1 143 тонна ва Намангандан 220 тонна пиёз; Тошкент вилоятидан 848 тонна карам; Тошкент вилоятидан 1 129 тонна, Андижондан 613 тонна, Қашқадарёдан 541 тонна, Сурхондарёдан 527 тонна, Сирдарёдан 430 тонна, Фарғонадан 420 тонна ва Жиззахдан 344 тонна сабзи маҳсулотлари етказиб берилган.

Қўйлиқ бозорига Покистондан 55 тонна картошка келтирилган.

Чорсу деҳқон бозорига 1–24 июль кунлари жами 227,3 тонна, жумладан 192,1 тонна мол гўшти ва 35,2 тонна қўй гўшти келтириб сотилган.

Мавзуга оид