Жаҳон | 11:21 / 29.07.2022
13117
3 дақиқада ўқилади

Россия президенти ҳузуридаги кенгаш «ЛХР» ва «ДХР»да урушдан бош тортганларни РФга қайтаришни талаб қилди

Ҳуқуқ ҳимоячилари маълумотига кўра, Украинага қарши жанговар ҳаракатларда иштирок этишдан бош тортган шартнома бўйича хизмат қилаётган россиялик аскарлар қамоқда сақланмоқда ва қийноққа солинмоқда.

Фото: Getty Images

28 июль, пайшанба куни Россия Федерацияси президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш (ИҲК)нинг бир неча аъзолари ҳарбий прокуратурага мурожаат қилиб, Украинага қарши урушда қатнашишни истамагани сабабли шартнома бўйича хизматдан бўшаш тўғрисида ариза берган россиялик ҳарбий хизматчиларга нисбатан қўпол муносабатда бўлинаётгани ҳақидаги маълумотларни текшириш талаби билан чиқди.

DW’да мавжуд бўлган мактуб матнига кўра, камида олти нафар аскарнинг қариндошлари ўз яқинлари ҳуқуқлари бузилгани ҳақида хабар берган. Шартнома асосида хизмат қилувчи аскарларнинг оналари ва хотинлари сўзларига кўра, бундай ҳарбийлар «ДХР» ва «ЛХР» деб аталадиган ҳудудлардаги ноқонуний ҳибсхоналарда сақланиб, қийноққа солиняпти, ҳарбий қўмондонлик эса уларни хизматдан бўшатиш тўғрисидаги аризага қўл қўйишдан бош тортяпти.

Мактуб муаллифлари таъкидлашича, РФ қонунчилиги ҳарбий қисмлар қўмондонлигига хизматдан бўшамоқчи бўлган шартнома асосидаги ҳарбий хизматчиларни қандайдир йўл билан жазолаш ҳуқуқини бермайди - бу ҳарбий суд томонидан амалга оширилиши керак, унгача ҳарбий хизматчилар давлат ҳимоясида. Россия қонунларида, шунингдек, хизматдан бўйин товлаганлар билан муносабатда бўлиш чоралари кўзда тутилган - улардан бўшаш тўғрисидаги аризалар қабул қилиниши керак, ҳарбий хизматчиларнинг ўзи эса қисмларига қайтарилиши керак. 

Шуни инобатга олган ҳолда, ИҲК аъзолари ўзини мустақил республика деб эълон қилган ҳудудларда хизматдан бош тортган аскарлар ноқонуний равишда ушлаб турилгани ҳақидаги маълумотларни текширишни, жабрланган ҳарбий хизматчиларнинг ҳимоясини таъминлашни ва уларга нисбатан содир этилган жиноятларни тергов қилишни талаб этмоқда. 

Аввалроқ Украинада жанг қилишдан бош тортган россиялик ҳарбийлардан бири, шунингдек, яна бир аскарнинг отаси The Insider нашрига Луганск областининг Брянка шаҳридаги «бош тортганлар» учун махсус марказда сақлаш шароитлари, қийноқлар ва таҳдидлар ҳақида гапириб берганди.  

«Верстка» нашрининг ҳисоб-китобига кўра, февраль ойидан бери камида 1793 нафар ҳарбий хизматчи Украина билан урушда қатнашишдан бош тортган. Уларнинг камида 234 нафари Луганск областининг Брянка шаҳри яқинида мажбуран сақланмоқда, деди уларнинг яқинлари «Верстка» нашрига. 

Бундан олдин ИҲК аъзолари Украинадаги жанговар ҳаракатларни ва бу билан боғлиқ равишда, Россия расмийлари томонидан сўз эркинлигига қўйилган чекловларни тўхтатишга чақирувчи очиқ хат эълон қилган эди. Бундан ташқари, ИҲК РФнинг Украинага қарши уруши туфайли 350 дан ортиқ украиналиклар Россия қамоқхоналарида «қолиб кетгани» ва уларни ҳозирги шароитда ватанига қайтариб бўлмаслигини қайд этди. 

Мавзуга оид