Нашрга кўра, бу Қирғизистон учун ниҳоятда муҳим янгилик, чунки у истиқболда республикада энергия тақчиллиги муаммосини ҳал этиш билан бирга сув-энергетика тартибга солиш тизими имкониятларини яхшилаб, Норин дарёси бассейнидаги ҳамкорлик салоҳиятини ҳам мустаҳкамлайди. Бу эса Марказий Осиё минтақаси учун биринчи рақамли мавзу.

Воқеанинг муҳимлигини тушуниш учун ГЭС барпо этиш ташаббуси собиқ иттифоқ давридаёқ муҳокама қилинганини эсга олиш кифоя. Шундан сўнг Россия билан кооперация қилишга уринишлар бўлди, лекин нимагадир кутилган натижага эришилмади.

Бошқача айтганда, лойиҳа узоқ йиллар ноаниқлик тумани ичида қолиб кетди. Бу ўз-ўзидан тушунарли, чунки трансчегаравий дарёларни «жиловлаш»га фақат қўшниларнинг розилиги билан эришиш мумкин. Бу ўринда ўзаро тушунишга эришилмаганди.

СССР парчалангач Марказий Осиёдаги бир вақтлар ягона бўлган сув-энергетика комплексида қарама-қаршиликлар ва ўзаро гина-кудуратлар йиғилиб қолган эди.

Марказий Осиё дарёларининг сув тақсимоти

Жумладан, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов бу объект қурилишига қарши чиқиб, суғориш учун фойдаланиладиган сув Қирғизистон томонидан товламачилик ва найранглар воситасига айланиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Яъни ишонч бўлмаган, Тожикистондаги Роғун ГЭСига нисбатан ҳам тушуниш бўлмаганидек. Дарёларнинг қуйи оқимида жойлашган давлатлар доим сув оқимларини тартибга солишга уринишларга сергаклик билан муносабатда бўлишади.

Тожкистондаги Роғун ГЭСи.
Фото: fb.com/khadamotimatbuot

Бундай лойиҳалар кўпинча кескин муносабатлар ва ҳаттоки жанговар риторикага сабаб бўлади. Ғарбдаги кўплаб ҳамкорлар айнан сув бўлишиш масалаларида йирик можаро салоҳиятини кўришган, бу муаммо «ҳалокатли иқлим», музликлар эриши ва сувдан нооқилона фойдаланиш туфайли янада чуқурлашади.

Шу сабабли, вазиятни ўзгартириш учун қилинадиган биринчи иш — ўзаро ишонч муҳитини яратиш, янада жипс ва ўзаро манфаатли муносабатларни ўрнатиш.

Бу йўлда муҳим қадам 2019 йилда ташланди, узоқ танаффусдан сўнг Марказий Осиё давлатлари етакчилари ниҳоят бир стол атрофига йиғилиб, маслаҳатлашув учрашувини ўтказишди. Шундан буён минтақавия эволюцион жараён интенсивроқ ривожлана бошлади.