Жаҳон | 14:41 / 05.08.2022
11748
4 дақиқада ўқилади

Блинкен Лавровнинг судланган баскетболчи бўйича музокара ўтказиш таклифига жавоб қайтарди

Вашингтон Россияда судланган баскетболчи Бриттни Грайнер АҚШга топширилишига эришмоқчи, дея маълум қилди АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен.

Фото: Picture Alliance

Давлат котиби Энтони Блинкеннинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар Россияда гиёҳванд моддалар контрабандасида айбланиб тўққиз йилга қамалган америкалик баскетболчи Бриттни Грайнерни алмаштириш бўйича Россия таклифини кўриб чиқади. 5 август, жума куни АСЕАН давлатлари ташқи ишлар вазирларининг Камбожа пойтахти Пномпендаги йиғилишида у Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавровнинг баёнотига изоҳ берди. Вашингтон Грайнер АҚШга топширилишига эришмоқчи, дея таъкидлади у.

Аввалроқ Лавров Камбожада ўтказилаётган АСЕАН тадбирлари доирасида АҚШ ва РФ президентлари томонидан маҳбуслар алмашинувини муҳокама қилиш учун ишга туширилган махсус канал мавжудлиги ва бу масалалар бўйича музокаралар у ерда ўтказилиши кераклигини айтган эди. Унинг таъкидлашича, Москва Вашингтон билан бу мавзуни муҳокама қилишга тайёр. 

Шу билан бирга, Давлат департаменти раҳбари «алоҳида шахслардан сиёсий пиёда» сифатида фойдаланилишини қоралади. Блинкен сўзларига кўра, Грайнернинг ҳибсга олиниши ва қамалиши Москва «ноқонуний равишда қўлга олиш ҳолатларидан ўз манфаатларини илгари суриш учун фойдаланаётганини» кўрсатади. 

4 август куни Москва областининг Химки шаҳар суди Бриттни Грайнерни гиёҳванд моддаларни сақлаш ва контрабанда қилишда айбдор деб топиб, тўққиз йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди ҳамда бир миллион рубл миқдорида жаримага тортди. Баскетболчининг адвокатлари апелляция берилишини маълум қилди. 
 
АҚШ президенти Жо Байден Бриттни Грайнерга чиқарилган суд ҳукмини «қабул қилиб бўлмас» деб атади. 

«Бугун АҚШ фуқароси Бриттни Грайнер қамоқ жазосига ҳукм қилинди, бу дунё аллақачон билган нарсанинг яна бир эслатишидир: Россия Бриттнини ноҳақ ушлаб турибди. Бу қабул қилиб бўлмайдиган нарса, мен Россияни у ўз яқинлари, дўстлари ва жамоадошлари билан бирга бўлиши учун зудлик билан озод қилишга чақираман», дейилади Байденнинг Оқ уй сайтида эълон қилинган баёнотида. 
 
Грейнер 2022 йилнинг февралида Шереметьевода ҳибсга олинган. Терговга кўра, тинтув чоғида унинг багажидан наша ёғи солинган вейп картрижлари топилган. Спортчи буни тан олди, лекин у Россияга тақиқланган моддани атайлаб олиб кирмоқчи бўлмаганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, у стресс ҳолатида нарсаларни йиғиштирган ва картрижларни сумкасига солганини эслай олмайди. Грайнер, шунингдек, гиёҳванд моддаларни фақат шахсий фойдаланиш учун ишлатишини таъкидлади. 
 
АҚШ маъмурияти РФга Грайнер ва Россияда сақланаётган яна бир америкалик - жосусликда айбланган собиқ денгиз пиёда аскари Пол Уиланни АҚШда қурол савдосида айбланиб қамалган ва ҳозирда жазо муддатни ўтаётган РФ фуқароси Виктор Бутга алмаштиришни таклиф қилмоқда. Август ойи бошида Вашингтон Москванинг бу таклифи қабул қилиб бўлмас эканлигини билдирди, сабаби Россия собиқ чечен дала қўмондони Зелимхон Хангошвилини ўлдирган, айни пайтда Германияда жазо муддатини ўтаётган Вадим Красиковни алмашиш битимига қўшишни истаган.

Мавзуга оид