Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2021 йил 7 сентябрга қадар “Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиши керак эди.

Ўтган йили 6 сентябрда қабул қилинган президент фармонида шундай вазифа белгиланган. Бироқ бу вазифа орадан бир йил ўтганига қарамай, ҳалигача бажарилмади: қонундан дарак йўқ, у муҳокамага чиқарилмади.

Қолаверса, коррупцияга қарши курашнинг самарали йўлларидан бири ҳисобланадиган декларациялаш тартиби 2022 йил 1 январдан кучга кириши керак эди.

Агентлик директори Акмал Бурҳонов 4 август кунги интервюсида тизим ишлаши учун техник имкониятлар тайёр бўлгани, бироқ қонун лойиҳаси ҳали “такомилига етказилаётгани”ни айтди.

“Жаҳон банки экспертлари ёрдами билан Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларини декларация қилиш бўйича тизимни яратдик. Бунда 40 дан ортиқ вазирлик ва идораларнинг маълумотлар базасига интеграция қилиш масаласи, қандай топширади, ҳаттоки намунавий декларация тўлдириш шаклларигача бўлган тизимни яратдик. Чунки қонун қабул қилинганидан кейин у тизим бўлмаса, у қонун ишламайди.

Бугунги кунда техник масалалар кўриб чиқиляпти ва қонун лойиҳаси ҳам такомилига етказилмоқда. Бу лойиҳани икки маротаба халқаро ташкилотларга тақдим қилганимизда улар томонидан эътирозлар билдирилди. Таклифлар ва тавсиялар асосида такомилига етказилмоқда.

Биринчи қадам қўйилди. Куни кеча Сенат томонидан маъқулланган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунда давлат фуқаролик хизматида ишлаётган барча ходимлар ўз мол-мулкларини мажбурий декларациялаши лозимлиги аниқ белгилаб қўйилди”, – дея Бурҳоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Орган раҳбарининг айтишича, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун президент томонидан имзолангач 6 ойдан сўнг кучга киради. Қонунда мажбурий декларациялаш тизими алоҳида қонун билан тартибга солиниши белгиланган.

“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун кучга киргунга қадар биз имкон қадар ушбу тизимнинг ҳуқуқий асосларини яратишга ҳаракат қиламиз”, – деди Бурҳонов.