БМТ ҳисоботи: россиялик ёлланма аскарлар Малидаги оммавий қирғинда айбдор
БМТ экспертлари томонидан гувоҳлар кўрсатмаси асосида тайёрланган ҳисоботга кўра, 30 дан ортиқ тинч аҳоли вакилининг ўлимида Мали армияси ва «оқ танли аскарлар» айбдор. Воқеа даҳшатли тафсилотлар билан тасвирланган.
Гувоҳлар кўрсатмасига асосланган БМТ ҳисоботига кўра, Мали ҳукумати номидан ҳаракат қилган аскарлар инқирозга юз тутган мамлакатда 30 дан ортиқ тинч аҳоли вакилини ўлдирган. Ҳужжат билан танишган dpa ахборот агентлигининг 5 июль, жума куни хабар беришича, БМТ экспертларининг 78 саҳифалик ҳисоботи ушбу ташкилот Хавфсизлик кенгашига тақдим этилган. Ҳисоботда жиноятчилар гувоҳлар томонидан «оқ танли аскарлар» сифатида тасвирланган.
Мали ҳарбий хунтаси хизматида бўлган Россиянинг «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) БМТ ҳисоботида тўғридан тўғри тилга олинмаган, аммо dpa маълумотига кўра, экспертлар гувоҳлар томонидан тасвирланган аскарлар бу ҳарбий тузилма жангчилари эканига шубҳа қилмаяпти. Хусусан, жиноят вақтида Россия армияси захираларида бўлган арқонлар қўллангани ҳам шундан далолат беради.
БМТ ҳисоботида март ойи бошида Мали марказида, Мавритания билан чегарада содир бўлган воқеа тасвирланган, ўшанда Мали кучлари минтақадаги олтита аҳоли пунктига икки кун ичида ҳужум қилган. 5 март куни эрталаб қудуғидан малилик ва мавританиялик чорвадорлар тез-тез фойдаланадиган қишлоққа «оқ танли аскарлар» етиб келган. «Аскарлар вояга етган эркакларни, жумладан, ёши каттароқ ўғил болаларни ҳам йиғиб, қўлларини орқаларига боғлаб, кўзларини боғлаб қўйдилар», дейилади БМТ ҳисоботида гувоҳларнинг сўзларига таяниб.
Ҳисоботда айтилишича, аскарлар қишлоқдаги уйларга бостириб кириб, уларни талон-торож қилган. Шундан сўнг улар боғланган эркакларни оғир таёқлар билан калтаклаган, бошқа аскарлар эса «калтакланаётган эркакларнинг қичқириғини эшитиши мумкин бўлган» аёллар ва болалар жойлашган уйлар эшикларини ёпиб ташлаган. Гувоҳлар сўзларига кўра, 33 ёки 34 киши, жумладан 29 нафар мавританиялик ва тўрт нафар малилик олиб кетилган. Бир кундан кейин уларнинг жасади қишлоқдан тўрт километр узоқликда топилган. Ҳисоботга кўра, улар отиб ташланган, кейин эса ёқиб юборилган.
Худди шундай ҳолатлар минтақанинг бошқа аҳоли пунктларида ҳам содир бўлган. Уларнинг иккитасида вертолётда «оқ танли аскарлар» келган. Бироқ гувоҳлар жиноятчиларнинг кимлигини аниқлай олмади.
БМТ ҳисоботига кўра, сўнгги пайтларда ҳатто пойтахт Бамакода ҳам салбий ҳодисалар кўпайган, бу Малидаги беқарор вазиятга бевосита алоқадор бўлиб турибди. Бунда, инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши рўй бермоқда, тинч аҳоли вакилларининг ўлими ҳолатлари хавотирли даражада ортиши кузатилмоқда. Фақатгина 1 январдан 31 мартгача бўлган даврда Малида 543 нафар тинч аҳоли вакили ўлдирилган.
2021 йил май ойида Малида юз берган ҳарбий тўнтаришдан сўнг жуда беқарор ғарбий Африка давлати Россия билан яқин алоқада бўлган ва «Вагнер» ХҲК ёлланма аскарлари хизматидан фойдаланаётган ҳарбий хунта томонидан бошқарилади. БМТ доираларида бу тузилма Кремлга яқин саналади.
Мали ва унинг халқаро ҳамкорлари ўртасидаги кескинликнинг кучайиши ҳамда мамлакатда экстремистик гуруҳлар фаоллашиши БМТ тинчликпарвар миссиясини Малида жойлаштиришга тобора кўпроқ тўсқинлик қилмоқда.
Мавзуга оид
13:20 / 15.10.2024
Киев Малидаги исёнчиларга УУА етказиб берилгани ҳақидаги маълумотни рад этди
22:12 / 25.09.2024
FT: Евгений Пригожин пулларни яширин равишда ғарб банклари орқали ўтказган
20:33 / 18.09.2024
Арманистонда давлат тўнтаришига уринишнинг олди олинди
13:16 / 11.09.2024