Жаҳон | 20:39 / 12.08.2022
7966
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ўз нефтининг бир қисмини Россия эмас, Озарбойжон орқали етказиб бериши мумкин

«Казмунайгаз» Озарбойжон давлат нефт компанияси билан йилига 1,5 млн тонна Қозоғистон нефтини Туркиянинг Жайҳон портига олиб борувчи қувур орқали етказиб бериш бўйича музокара олиб бормоқда.

Фото: Reuters / Mariya Gordeyeva

Қозоғистон ўз нефтининг бир қисмини Россияни четлаб, Озарбойжоннинг энг йирик Боку — Тбилиси — Жайҳон нефт қувури орқали сотиши мумкин, деб хабар берди Reuters.

Агентлик суҳбатдошларидан бирининг сўзларига кўра, «Казмунайгаз» миллий компанияси Озарбойжон давлат нефт компаниясининг савдо бўлинмаси билан йилига 1,5 млн тонна Қозоғистон нефтини Туркиянинг Жайҳон портига олиб борувчи қувур орқали етказиб бериш бўйича музокара олиб бормоқда.

Томонлар август охирида якуний келишув имзолаши кутилмоқда, нефт етказиб бериш эса сентябрда бошланади, деди Reuters манбаси.

Манбаларнинг айтишича, 2023 йилдан яна 3,5 млн тонна нефт Озарбойжон қувури орқали Грузиянинг Супса портига етказиб берилиши мумкин.

Қозоғистон сўнгги 20 йилда нефтни Каспий қувур консорциуми орқали Новороссийскка етказиб берган. Ушбу қувур Қозоғистон нефти учун асосий экспорт йўналиши бўлиб қолмоқда. Қувур орқали кунига 1,3-1,4 млн баррел нефт ўтади.

Таққослаш учун: Боку — Тбилиси — Жайҳон қувури орқали суткасига атиги 30 минг баррел нефт етказиб берилади, деб ёзади агентлик.

Июл ойи бошларида Новороссийскнинг Приморский район суди аниқланган камчиликлар учун Каспий қувур консорциуми фаолиятини тўхтатиб қўйганди. Кейинроқ суд бу қарорини бекор қилди ва 200 минг рубл жаримага тортиш билан чекланди.

Мавзуга оид