Трампнинг вилласидан ўта махфий ҳужжатлар топилди. Улар орасида Макрон ҳақида маълумот ҳам бор
АҚШда навбатдаги катта сиёсий можаро авж олди. ФҚБ собиқ президент Трампнинг Флоридадаги уйидан ўта махфий ҳужжатлар топган. ОАВнинг ёзишича, ҳолат Жосуслик тўғрисидаги қонунга асосан текширилмоқда, аммо бу Трамп бошқа давлатга ишлашда гумонланмоқда дегани эмас.
Жума куни ўтказилган тинтувда Трампнинг уйидан 11 комплект ҳужжатлар топилган. Улардан 4 таси ўта махфий ҳужжатлардир. Шунингдек, топилган ҳужжатларнинг 3 тасида «махфий» белгиси бўлган, яна 3 та ҳужжатда шахсий маълумотлар бўлган. Баъзи ҳужжатларда «TS/SCI» (Top Secret / Sensitive Compartmented Information) белгиси бўлган. Бу тарқалиши миллий хавфсизликка таҳдид солиши мумкин бўлган ҳужжатларга қўйиладиган белгидир.
Ордерда ФҚБ агентлари ҳолатни Жосуслик тўғрисидаги қонунга асосан ҳам текшириши қайд этилган. Politico нашрининг аниқлик киритишича, бу қонун фақат маълумотни бошқа давлатга бериш ҳолатларини эмас, махфий маълумотларни қайтаришдан бош тортиш ҳолатини ҳам тартибга солади.
Эндиликда ўзи ҳукумат тепасида бўлган вақтда бундай қонунбузарлик учун жазони кучайтирган Трампга 5 йилгача қамоқ жазоси хавф солмоқда. Трампнинг айтишича, топилган ҳужжатлар аллақачон ошкор бўлган ва махфийлик касб этмайди.
АҚШ тарихида илк марта собиқ президентнинг қароргоҳи суриштирув доирасида тинтувдан ўтказилган. Трампнинг «Мар-а-Лаго» номли қароргоҳи Флоридадаги Палм-Бичда жойлашган.
Топилган ҳужжатларда нималар ёзилган?
Ҳужжатлар рўйхати суд тинтув натижалари борасидаги эълон қилган баёнотида аниқ бўлди. Тинтув жараёнида махфий ҳужжатлардан ташқари 20 та қути ҳам топилган. Унда суратлар, қўлда ёзилган қайдлар, Франция президенти ҳақидаги қандайдир маълумот, Трампнинг эски иттифоқчиси Рожер Стоун томонидан ёзилган афв хати ва бошқа ошкор қилинмаган қайдлар топилган.
Стоун – Республикачилар партиясининг сиёсий консултанти бўлиши билан бирга лоббист ҳам ҳисобланади. Трамп билан яқин муносабатда бўлган Стоун 2019 йил махсус прокурор Роберт Мюллернинг Россия АҚШдаги президент сайловларига аралашгани борасидаги катта суриштирув иши доирасида ҳибсга олинганди. Ўшанда WikiLeaks сайловда Трампнинг асосий рақиби бўлган Ҳиллари Клинтонни камситадиган маълумотлар тарқатган, Стоун WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанж билан ҳамкорликда айбланиб қўлга олинган.
Трампнинг вилласидан Стоун ёзган кечирим хати топилгач, унинг адвокати бундай хат ёзилганидан ўзининг ҳам, мижозининг ҳам хабари йўқлигини маълум қилди.
Суд ордерида айтилишича, тинтув ишлари «Мар-а-Лаго» вилласидаги «45-офис» номли хонада ҳам ўтказилган. Трамп АҚШнинг 45-президенти сифатида ишчи хонасини шундай номлаган. Шунингдек, вилладаги омборлар ҳам титиб чиқилган. ФҚБ ходимлари хизматчилар хонаси ва меҳмонхонага кирмаган.
АҚШ Адлия вазирлиги иш фавқулодда аҳамиятга эга бўлгани сабаб Флорида судига тинтув натижалари бўйича имкон қадар тезроқ маълумот беришни сўраб мурожаат қилган. Трампнинг ўзи ҳаракатларни сиёсий сабаблар билан боғлаб, уйидан топилган ҳужжатлар ошкор қилинишига қарши эмаслиги, буни ўзи ҳам талаб қилишини айтди.
Трамп ҳужжатларни ошкор қилганми?
Собиқ президент Трамп офиси ҳолат бўйича баёнот берар экан, топилган ҳужжатларни унинг ўзи ошкор қилгани, президентлик фаолиятида бундай ваколатга эга бўлганини маълум қилди.
«Президент Трампнинг махсус буйруғи билан Овал кабинетдан олиб чиқилиб, қароргоҳга олиб кетилган ҳужжатлар ошкор этилган деб ҳисобланган. Маълумотларни махфийлаштириш ва уларни ошкор қилиш фақат президентга тегишли бўлган ваколатдир. Президентда бундай ваколат бўлатуриб ҳужжатларни махфийликдан чиқариш учун қандайдир бюрократнинг розилиги керак деб ўйлаш мантиқсизликдир», дейилади офис баёнотида.
«Президент маълумотни ошкор қила олади, аммо бу учун махсус жараён ўтказилиши керак. Махсус анкета тўлдирилиши, у белгиланган тартибда рўйхатга олиниши талаб қилинади. Бўлди, бу маълумот бугундан махфий эмас, деб кетилмайди, бу жараён белгиланган талаблардан ўтиши шарт. Бу ҳолатда жараён қандай амалга ошгани аниқ эмас», дейди ўз вақтида АҚШ Адлия вазирлигида фаолият олиб борган ҳуқуқшунос Том Дюпри.
Трампни чеккага чиқаришмоқчими?
Трампнинг матбуот котиби Тейлор Будович тинтув ишлари Байден администрацияси бошқарувида ўтаётгани, аммо бу «фокус» улар кутганчалик ўтмаганини айтди. Унинг айтишича, Оқ уй ёлғон маълумот тарқатиб, мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда [президентнинг] асосий рақибини сафдан чиқармоқчи.
Трампнинг консерватор иттифоқчилари ҳам унинг вилласи сиёсий сабаблар билан тинтилгани, собиқ президент 2024 йилги сайловда ҳам иштирок этишни истаётгани учун шундай бўлганини айтишмоқда.
АҚШ ҳуқуқ тартибот органлари ФҚБ агентлари ва тинтувга алоқадор бўлган бошқа давлат одамлари манзилига интернетда турли хил таҳдидлар ёғдирилаётганига эътибор қаратган. Тинтув ўтказишга шахсан ордер берган АҚШ бош прокурори Меррик Гарланд эса ҳуқуқ тартибот органи ходимларини қўллаб-қувватлади. Прокурор бундай таҳдидларга жим қараб туролмаслигини айтган.
Воқеалар ривожи:
Январ 2022 йил : АҚШ Миллий архиви ходимлари «Мар-а-Лаго» вилласидан Оқ уй фаолияти билан боғлиқ 15 қути ҳужжат олиб чиқишади. Уларнинг айтишича, Трампнинг президентлик фаолияти билан боғлиқ бўлган баъзи ҳужжатлар йиртиб ташланган.
Феврал: Трампнинг Флоридадаги вилласида махфий ҳужжатлар сақланаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Миллий архив ташкилоти текширув ўтказиш бўйича Адлия вазирлигига мурожаат қилади.
Апрел: ОАВда ФҚБ ҳолат бўйича бирламчи суриштирув бошлагани ёзилди.
3 июн: Адлия вазирлигининг юқори мансабли амалдори ва ФҚБнинг уч нафар агенти Трампнинг вилласини тинтиш учун Флоридага йўл олади. Трамп уларни илиқ кутиб олади.
8 июн: Федерал терговчилар Трампнинг ёрдамчисига махсус хизматларни қизиқтирадиган предметлар сақланадиган бинодаги қулфни ишончлироғига алмаштиришни сўраб хат ёзишади. Трамп сўров бажарилганини айтади.
22 июн: Трампнинг офисига Адлия вазирлигига чақирув боради. Бунга Флоридадаги вилла кузатув камераларига тушган кадрлар сабаб бўлгани айтилди.
8 август: Флоридадаги Трампга тегишли «Мар-а-Лаго» вилласида ўнлаб ФҚБ агентлари иштирокида тинтув ўтказилади. Суд ҳисоботида айтилишича, улар орасида ўта махфий ҳужжатлар ҳам бўлган.
Мавзуга оид
10:45
Трамп Маскнинг АҚШга H-1B визалари бўйича талабига рози бўлди
23:22 / 28.12.2024
Доналд Трамп АҚШ Олий судини TikTokʼнинг блокланишини кечиктиришга чақирди
21:16 / 26.12.2024
Трамп Мексика ва Канадага АҚШ штатлари бўлишни таклиф қилди
14:17 / 26.12.2024