Шавкат Мирзиёев саудиялик тадбиркорларни Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнларига таклиф қилди
Президент саудиялик тадбиркорлар билан учрашувда уларни Ўзбекистондаги йирик банклар, саноат ва инфратузилма объектларини хусусийлаштиришда қатнашишга таклиф қилди. Қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун энг истиқболли соҳалар сифатида “яшил” энергетика ва “яшил” иқтисодиёт кўрсатиб ўтилди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Жидда шаҳрида Саудия Арабистони подшоҳлигининг йирик компаниялари ва молиявий тузилмалари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.
Тадбирда инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ ҳамда подшоҳликнинг ACWA Power, SABIC, Saudi National Bank, Al Rajhi Capital, Ma'aden, Petromin, Jamjoom Pharma, SEDCO, Salic, Albawani, Ajlan & Bros, Desert Technologies каби 20 га яқин йирик компания ва корпорациялари раҳбарлари иштирок этди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Унда сўз олган Шавкат Мирзиёев кеча валиаҳд шаҳзода билан музокараларда икки томонлама савдо айланмасини бир неча карра кўпайтириш ва инвестиция лойиҳаларни молиялаштириш бўйича келишувга эришилганини таъкидлади.
Президент, шунингдек, Ўзбекистонда муваффақиятли иш юритаётган Саудия компанияларининг тажрибасини кўрсатиб ўтди. Масалан, “ACWA Power” компанияси билан ҳамкорликда 2 миллиард 600 миллион долларлик йирик энергетика лойиҳалари бошланган.
Иштирокчиларнинг эътибори ташриф арафасида ўтган Ўзбекистон–Саудия ишбилармонлар кенгаши йиғилишининг натижаларига қаратилди: унинг якунида умумий қиймати 14 миллиард доллардан зиёд лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида битимлар имзоланди.
Шавкат Мирзиёев Саудия компанияларини янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда янада яқиндан ҳамкорлик қилишга чақирди.
Президент, шунингдек, саудиялик ишбилармонларни Ўзбекистондаги йирик банклар, саноат ва инфратузилма объектларини хусусийлаштириш жараёнларида иштирок этишга таклиф этди.
Қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун энг истиқболли соҳалар сифатида “яшил” энергетика ва “яшил” иқтисодиёт кўрсатиб ўтилди.
Ўзбекистон шамол электр станцияларини барпо этиш, “яшил” водород ишлаб чиқариш, муқобил энергетикани ривожлантириш, саноатда рақамлаштиришни чуқурлаштириш ва қўшма илмий тадқиқотлар билан шуғулланиш борасида фаол ҳамкорликка тайёр экани таъкидланди.
Рақамли иқтисодиёт, био ва нанотехнологиялар, дастурий таъминот, инновациялар ва сунъий интеллект, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, соғлиқни сақлаш ва туризм лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиш таклиф қилинди.
Ўзбекистонда Саудия тараққиёт фонди иштирокида сув ва электр таъминоти борасидаги инфратузилмавий лойиҳаларни такомиллаштириш ишларини давом эттириш режалаштирилган.
Президент Шавкат Мирзиёев саудиялик ҳамкорларнинг таклиф ва фикр-мулоҳазаларини диққат билан тинглаб, лойиҳалар ижроси устидан қатъий назорат ўрнатилишини айтди.
Мутасаддиларга таъсирчан механизмлар ва аниқ ижро муддатлари кўрсатилган комплекс “Йўл харитаси”ни қабул қилиш топширилди. Шу орқали ташриф доирасида эришилган барча келишувлар ижроси учун тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари шахсан жавобгар бўлади.
Мавзуга оид
18:01
Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони ва Озарбойжонга боради
19:07 / 07.11.2024
2025 йилда каналларни бетонлаштиришга 800 миллиард сўм ажратилади
18:23 / 07.11.2024
Чақириққача бошланғич тайёргарлик ўқитувчиси штати Мудофаа вазирлигига ўтади
18:21 / 07.11.2024