Ўзбекистон | 11:49 / 21.08.2022
10784
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга АҚШ Конгресси делегацияси келди

20 август куни АҚШ Конгресси делегацияси Ўзбекистон-Америка ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболларини, жумладан, парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилиш учун Ўзбекистонга келди, деб хабар берди «Дунё» ахборот агентлиги.

Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси хабарига кўра, делегация таркибида АҚШ Конгрессидаги «Ўзбекистон бўйича кокус» ҳамраиси, Миссисипи штатидан республикачи конгрессмен Трент Келли ва вакиллар Палатаси аъзоси, Иллинойс штатидан республикачи конгрессмен Дэрин Лаҳуд ва бошқа ходимлар бор.

Америкалик меҳмонлар Ўзбекистонга ташрифи давомида Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси раҳбарияти, шунингдек, республика вазирлик ва идораларида икки томонлама учрашувлар ўтказади. Шунингдек, делегация мамлакатимизнинг тарихий ва маданий мероси билан ҳам танишади.

Қайд қилиш жоизки, ушбу ташриф АҚШ Конгресси аъзоларининг 2017 йилдан буён Ўзбекистонга еттинчи сафари бўлади. Ўтган йили Қўшма Штатларнинг ҳар иккала партияси (республикачилар ва демократлар) делегацияси икки марта Ўзбекистонга келган, улардан бирига Нью-Йорклик демократ конгрессмен, Вакиллар палатасининг Ташқи ишлар қўмитаси раиси Грегори Микс бошчилик қилган эди.

Мавзуга оид