Жаҳон | 07:48 / 22.08.2022
5322
2 дақиқада ўқилади

АҚШ, Германия, Франция ва Буюк Британия раҳбарлари Запорижжя АЭСни муҳокама қилди

Тўртта давлат етакчилари АЭХА миссиясини имкон қадар тезроқ Запорижжя АЭСга юбориш фикрини билдирди ва Украинани Россия агрессиясидан ҳимоя қилишда қўллаб-қувватлашни давом эттиришга келишиб олди.

Фото: DW

Германия канцлери Олаф Шольц , АҚШ президенти Жозеф Байден, Франция президенти Эммануэл Макрон ва Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон 21 август, якшанба куни телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат иштирокчилари Украинадаги ядровий иншоотлар хавфсизлигини таъминлаш муҳимлигини таъкидлади, деди Германия ҳукумати вакили Штеффен Хебештрайт.

Тўрт давлат етакчилари Украинани Россия агрессиясидан ҳимоя қилишда қўллаб-қувватлаш давом этишига келишиб олди. Германия канцлери, АҚШ президенти, Франция президенти ва Буюк Британия бош вазири Запорижжя атом электр станцияси (ЗАЭС)даги вазиятни муҳокама қилди ва минтақада ҳарбий вазминликни сақлашга чақирди, шунингдек, Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) вакилларининг ЗАЭСга ташриф буюриши фикрини билдирди. 

Яна бир муҳокама мавзуси Яқин Шарқдаги вазият, жумладан, Эрон билан ядровий келишув бўйича музокаралар, шунингдек, Теҳроннинг минтақадаги хатти-ҳаракатлари бўлди, деди Хебештрайт. 

Россия қўшинлари март ойи бошида Запорижжя АЭСни эгаллаб олган, шундан сўнг украиналик ходимлар станцияда ишлашда давом этганди. Июль ойининг охиридан бери Европадаги энг йирик атом электр станцияси бўлган Запорижжя АЭС мунтазам равишда ўққа тутилмоқда, шунингдек, ОАВда у РФ қўшинлари томонидан миналаб қўйилгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. АЭХА ядровий фалокат хавфи ҳақида огоҳлантирди. Халқаро агентлик раҳбари Рафаэл Гросси август ойида БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишида ўз мутахассисларини электр станциясига зудлик билан киритишни талаб қилган эди. 

Мавзуга оид