13:43 / 22.08.2022
6105

Покистон собиқ бош вазири Имрон Хон терроризм тўғрисидаги қонун бўйича айбланмоқда

Покистоннинг ҳокимиятдан ағдарилган бош вазирига терроризм тўғрисидаги қонун бўйича айблов қўйилган. Аввалроқ Хон полиция ва судни ўзининг яқин ёрдамчисини ҳибсга олиш ва қийноққа солишда айблаган эди.

Фото: EPA

Душанба куни собиқ бош вазирнинг юзлаб тарафдорлари унинг пойтахт Исломободдаги саройи олдида йиғилиб, агар у қамалса, ҳокимиятни қўлга олишга ваъда беришди. Жорий йил апрель ойида ҳукумат раҳбари лавозимидан четлаштирилгач, Хон мамлакат раҳбарияти ва армияни фаол танқид қилди, деб ёзади BBC.

Собиқ профессионал крикетчи Хон 2018 йилдан бери Покистон ҳукуматини бошқариб келади. Полиция унга қўйилган айбловларни сиёсатчи қўзғолонга ундашда айбланиб ҳибсга олинган ўзининг энг яқин партиядоши Шаҳбаз Гилл қийноққа солингани ҳақида даъво қила бошлаганидан кейин эълон қилди. 

Шанба куни Хон Исломобод полицияси бошлиғи ва судьясини Гилл ҳибсга олингани ва унга шафқатсиз муносабатда бўлингани учун очиқчасига қоралади. 

«Тайёр туринг, чунки биз сизга қарши чора кўрамиз», деди у нутқида полиция бошлиғи ва аёл судьяга қарата.

Бунга жавобан расмийлар Хонни ҳукумат амалдорларига таҳдид қилгани учун Покистоннинг терроризмга қарши қонунини бузганликда айблади. Собиқ бош вазир устидан тергов бошлангани маълум бўлгач, унинг Исломободдаги уйи олдига йиғилган юзлаб тарафдорлари, агар полиция уни қамашга уринса, пойтахтни эгаллаб олиш билан таҳдид қилишган. Полициячилар у ерга собиқ бош вазирни ҳибсга олиш учун эмас, тартибни сақлаш учун келганликларини айтишди. 

Хон апрель ойида ишончсизлик вотуми натижасида ҳокимиятдан четлаштирилди. Ўшандан бери у мамлакат бўйлаб янги сайловлар ўтказишга чақириб, ҳукумат ва армияни кескин танқид қилиб келади. Шанба куни ОАВ регулятори телеканалларга унинг чиқишларини жонли эфирда кўрсатиш тақиқланишини эълон қилди. Регуляторга кўра, собиқ бош вазир давлат муассасаларига нисбатан нафрат уйғотувчи баёнотлар билан чиқади. 

Собиқ бош вазирнинг фикрича, ҳукумат цензура билан шуғулланяпти.

«Имрон Хон қандай жиноят содир этган? Мен бу ўғрилар тўдасини ҳеч қачон қабул қилмайман», деди у якшанба куни ўз митингларидан бирида тарафдорларига. 

Ишончсизлик вотумига қарамай, Хонни кўплаб покистонлик сайловчилар қўллаб-қувватлашда давом этмоқда. Июль ойида унинг партияси Панжобда қонун чиқарувчи орган устидан назоратни қўлга киритди. Кузатувчилар бу ғалабани Хон ўзи интилаётган мамлакатдаги эрта сайловларда муваффақият қозонишга умид қилиши мумкинлигига ишора сифатида баҳолади. 

Хон 2018 йилда бош вазир бўлишидан олдин коррупцияга қарши курашишга ва мамлакатни иқтисодий инқироздан олиб чиқишга ваъда берган эди. У бир неча бор мухолифат партиялари уни ҳокимиятдан четлатиш учун бошқа давлатлар билан ҳамкорлик қилганини айтди. Хусусан, унинг таъкидлашича, АҚШ расмийлари Россия ва Хитой билан дўстлигини ёқтирмагани учун ундан қутулишга ҳаракат қилмоқда. Вашингтон бу шубҳаларни рад этди. 

Хон Россия билан яқин алоқада бўлган. У Москвага 23 февраль куни ташриф буюрган, ўшанда Россиянинг Ғарб давлатлари билан муносабатлари Украина атрофидаги вазият фонида анча таранглашган эди. Шу билан бирга, унинг Россия пойтахтига сафарининг иккинчи куни Россия қўшинларининг Украинага кенг кўламли бостириб кириши ва Украина шаҳарларини ўққа тутишнинг бошланишига тўғри келди. 

Хон АҚШ президенти кичик Жорж Буш маъмуриятини «террорга қарши уруш» эълон қилгани учун танқид остига олган. У парламентда ишончсизлик вотуми билан ҳокимиятдан четлатилган Покистон тарихидаги биринчи бош вазир бўлди. 

Top