Жамият | 18:16 / 25.08.2022
84324
12 дақиқада ўқилади

300 минг сўмлик “универсал муолажа”. Қўқонлик табиб чиндан ҳам беморларни даволайдими?

Ижтимоий тармоқларда қўқонлик табиб Иқбол Солиевнинг қўл ҳаракатлари билан беморларни гўёки “даволаётгани” тасвирланган лавҳалар анчагина шов-шувларга сабаб бўлди. Kun.uz мухбири бу борада суриштирув олиб борди.

Интернетда тарқаган лавҳаларда табиб юра олмайдиган, гапира олмайдиган ва ҳатто кўз нуридан айрилган беморларни ҳам даволашга ҳаракат қилаётганини кўриш мумкин. Ўзбекистон Табобат академиясида расмий рўйхатдан ўтгани айтилаётган табиб аслида ким? У ҳақиқатан ҳам оғир беморларни даволай оляптими?

Қўшиқчиликдан табибликкача...

51 ёшли табиб Иқбол Солиев Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани Мингтут қишлоғида яшайди. Шу қишлоқдаги хонадонида беморларни қабул қиляпти.

Унинг отаси ҳам ўз даврида табиблик қилган. Ҳозирда Солиевнинг укаси ҳам табобат билан шуғулланар экан.

Мингтут қишлоғи аҳлининг айтишича, бундан бир муддат аввал табиб тўйларда қўшиқ айтиб юрган. У ижросидаги қўшиқлар маҳаллий телеканалларда ҳам намойиш этилган. Иқбол Солиев ҳофизлик баробарида табобат билан ҳам шуғулланиб келган.

Лекин у пайтда табиб бугунгидек “машҳурликка” эришмаган. Бундан 3-4 ой аввал беморларни даволаб, ҳолатни ижтимоий тармоқларга жойлагандан кейингина хонадонига мижозлар ёғилиб кела бошлаган. Бир сўз билан айтганда, шундан кейин табибга омад кулиб боққан.

Охири йўқ навбат

Табиб истиқомат қиладиган Мингтут маҳалласи Шукрона кўчасига борганимизда беморлар келган автомашиналар тўлиб, асосий катта кўчаларгача чиқиб кетганига гувоҳ бўлдик. Кўплаб беморлар навбати қачон келишини кутиб туришарди. Кимдир машинаси ўриндиғида пинакка кетган, кимдир ошхонада тушлик қилган, яна кимлардир эса сўрида ухлаб ётарди.

Машиналарни тартибга келтириш учун табиб уйига олиб борадиган кўча бошига шлагбаум ўрнатилган. Навбатда кутиб турганлар орасида ҳатто қўшни Қирғизистон, Тожикистондан келган беморлар ҳам бор эди.

Табибнинг ҳовлиси ёнида тўпланиб турганларни узоқдан суратга олишни бошладим. Шунда “Дамас” ичида навбати келишини кутиб турган қизлардан бири табибнинг хос одамлари суратга олишга йўл қўймаётгани ҳақида огоҳлантирди. Қизиқ!

Шубҳа...

Табибнинг уйи атрофи одамларга тўла, янги келаётган беморлар навбатга ёзилишга шошиляпти. Беморларнинг сўзларига кўра, мижозларни қабул қилиш эрталаб соат 8:00 дан бошланган. Соат 14:30 ҳолатига 30-ўринга ёздирилган навбат эгаси ичкарига кириб кетган экан.

Айтишларича, табиб 10 кун давомида Москва шаҳрида беморларни кўрикдан ўтказиб, 20 август куни уйига қайтган. Унинг келишини кутган айрим беморлар ҳатто бир кун аввал Қўқонга етиб келган.

Бироздан сўнг табиб ҳовли ичкарисидан чиқиб, кўча бўйлаб юриб кела бошлади. Иқбол Солиев машина ичида ўтирган, юра олмайдиган беморларни даволаш учун ташқарига чиққан эди. 70 ёшдан ошган кампирни эскироқ Мatiz автомашинасидан минг машаққат билан туширишди. Табиб аёлнинг бошидан ушлаб, қўл ҳаракатларини амалга оширди ва яна 2 кун давомида даволаниш кераклиги унга уқтирилди. Даволаниш жараёнини табибнинг ишчиларидан бири телефон орқали тасвирга олиб юрарди.

Табиб росмана шубҳаланди чоғи, кўплаб одамлар ичида айнан мени кўрсатиб хос одамларидан бирига бу болага бир қараб қўйинглар, деган маънода ишора қилди. Шу пайт йигитлардан бири ёнимга яқинлашиб, даволаш жараёнини бошқа шахслар камерага олиши мумкин эмаслиги, фақатгина табибнинг яқин одамигина бунга ҳақли эканини уқтирди.

Камерага олмаётганим, шунчаки телефон қўлимда турганини айтганимдан кейин хос йигит табибга даволашни давом эттириш мумкинлиги, ҳаммаси жойида экани ҳақида юзини қимирлатганича ишора қилди.

Қизиқ! Табиб ҳақиқатан ҳам беморларни даволаётган бўлса, бегоналар учун ҳолатни тасвирга олишга нега тақиқ қўйилди?

3-4 бемор кўрикдан ўтказилгач, табиб ҳовлисига кириб кетди.

300 минглик, 3 кунлик “сеанс”

Наманган вилоятидан келган беморларнинг айтишича, табиб ҳузурига кириш учун кеч соат 02:00 ларда келишган ва шунда ҳам 68-навбатга ёзилишган.

Яна бир фуқаро Қирғизистоннинг Олабуқа туманидан юра олмайдиган опасини олиб келганини айтди. Унинг сўзларига кўра, интернетда тарқаган видеолар ортидан Қўқонга оқиб кела бошлаган қирғизистонликлар ҳам кўп. Навбатда турган одамлар орасида Ўш, Жалолобод вилоятларидан келганлар ҳам бор эди.

Бу орада табибнинг ҳовлисидан андижонлик 3 нафар муолажа олган аёл чиқди. Улар табиб шифо топиш ниятлари бўлса кетма-кет 3 кун муолажа олишлари лозимлигини айтгани, ҳассага суяниб кириб кетган бухоролик икки аёл табиб кўригидан кейин ўз оёқлари билан юриб кетгани, ўшлик аёлнинг эса кўрмайдиган кўзи очилиб кетганини айтишди.

Маълум бўлишича, табиб 7 ёшгача бўлган болалар ҳамда 70 ёшдан ошган кекса беморларни текинга даволаётган экан. Қолган ёшдаги беморлар учун бир марталик сеанс 100 минг сўмни ташкил қилади.

Муолажага кириб чиққан аксарият беморларнинг айтишига қараганда, биринчи кўрикдан кейин кетма-кет яна икки кунлик муолажа таклиф қилинаётган экан. Демак, умумий ҳисобда мижоз табибга 300 минг сўм тўловни амалга оширяпти. Узоқдан келган беморлар вақт ва ортиқча сарф-харажатдан қочиб, шу яқин ўртадан ижарага кунлик уй топиб тунаб қолишмоқда.

Суриштирувдан маълум бўлдики, табибнинг уйи атрофидаги ҳовлилар киши бошига 50 минг сўмдан 100 минг сўмгача кунлик ижарага қўйишмоқда.

“Интернетда кўриб қолиб, келдик”

60 ёшлар чамасидаги андижонлик эркак ўзи ва қариндошини табибга кўрсатиш учун олиб келган экан. Отахон билан суҳбатлашдик...

– Қаердан келдингиз?

– Андижоннинг Балиқчисидан...

– Кимни олиб келдингиз?

– Бир ёш болани олиб келдим. Унинг баҳонасида ўзим ҳам кўриняпман.

– Яхши даволар эканми?

– Юрмайдиганлар юриб кетяпти...Кўрмаётганларни кўзини очворяпти...

– Ўз кўзингиз билан кўрдингизми юриб кетганларни?

– Ҳааа... албатта, сиз ҳам бориб томоша қилинг. Кўрасиз... Интернетдан кўриб қолиб, 3-4 кун аввал етиб келдик бу ерга. Табибнинг укаси ҳам кўрар экан беморларни. 3 марта укасидан сеанс олдик. Ҳарқалай, ёш болада сал ўзгариш бўлди. Кўзим сал хира мениям...

– Навбат каттами?

– Ҳа. 100 дан ошиқ. Бугун кўпчиликка навбат етиб келмайди. Биз 66-ўриндамиз. Энди 30-навбат кириб кетди. Битта “очередга” ёзилган одам ўзи билан бирга 4-5 кишини олиб кириб кетяпти. Шунга вақт кўп кетяпти.

Табибнинг укаси 50 минг сўмдан кўраётганди. Акаси Иқбол Солиев 100 мингдан кўрар экан.

– Бугун навбатларинг етиб келмаса Қўқонда қоласизларми?

– Ҳа, албатта, қолишга тўғри келади. Бўлмаса яна эртага қолиб кетамиз... Андижондан етиб келгунимизга яна навбат катта бўлиб кетади.

“Қўқонга етиб келгунча 800 минг сарфладик. Пулимиз қолмади...”

Диққатимни сўрида ухлаб ётган 3 нафар бола-ю, ўрта ёшдаги икки аёл ва эркакнинг нон чайнаб турган ҳолати тортди. Оила Самарқанд вилояти Пахтачи туманидан келган экан.

Оёқ-қўли фалаж бўлиб қолган аёл табибга кўриниш учун оилавий келишгани, Қўқонга етиб келгунларича 800 минг сўм сарф қилишгани, лекин ҳали навбати етиб келмагани, пуллари тугаб нима қилишларини билмай боши қотаётгани ҳақида куюниб гапирди.

“Эрталаб 8:30 ларда келиб, 142-ўринга навбатга ёзилдик. Касалимга даво истаб, Қорақалпоғистондаги табиб отага ҳам 4 марта борганман. Маблағ томонидан ўша пайтда қийналмаган эдик. Чунки қорақалпоқлик табиб уйида беморларга овқат тарқатарди. Бу ерда эса овқат тугул, ётар жой ҳам муаммо бўлиб турибди.

Бир кечалик ижара ҳақи бир кишига 100 минг сўм экан. Биз 6 кишимиз. 50 минг сўмлик ижара уй топганимиз билан ҳам кунига 300 минг сўм тўлашимиз керак. 42 йилдан бери юра олмайман. Бир кунда юриб кетаман деб умид ҳам қилганим йўқ”, – дейди полиартрит билан касалланган самарқандлик аёл.

Шифо топган одам борми ўзи?

Табиб ҳовлисидан муолажа олиб чиққан ва биз суҳбатлашган ҳеч бир бемор касалига даво топгани ҳақида ишонч билан айта олмади.

Республиканинг турли вилоятларидан келган беморлар маблағ сарфлаб, сарсон-саргардон бўлиб ижара уй топиш илинжида юришибди. Беморлар кетма-кет уч кун “муолажа олиш”га ундаляпти.

Ажабланарлиси, кўрикдан сўнг касалнинг тузалиб кетишига ҳеч ким кафолат бера олмаяпти.

Табиб бир неча марта огоҳлантирилган

Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган Халқ табобати ассоциацияси раиси Рўзимуҳаммад Хонназаров қўқонлик табиб Иқбол Солиевнинг ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларини кўргани, одамларда тиббий билим етишмаслиги ана шундай табиблар учун қўл келаётгани ҳақида таъкидлади.

Рўзимуҳаммад Хонназаров

 

Ҳозирги кунда беморларга сидқидилдан хизмат қилиб келаётган табиблар билан бир қаторда халқни чалғитадиган, сеҳргарликка яқинроқ хатти-ҳаракатлари билан ғайриоддий йўл билан “даволовчи” табиблар ҳам учраб турибди.

Табобатдан ғаразли мақсадларда фойдаланиб одамларни чалғитиб, асосий мақсади даромад орттириш бўлган айрим қўштирноқ ичидаги “табиблар” табобатда мавжуд бўлмаган бир лаҳзада даволашни даво қилиб келмоқда. Шулардан бири – Қўқон шаҳрида яшовчи Иқбол Солиевдир. У ҳеч қанақа дори-дармон, гиёҳлар, ҳайвон маҳсулотлари ёки маъданлар ишлатмайди. Фақатгина қўл ҳаракатлари билан шифони Аллоҳ беради деб ҳар қандай касални қабул қилаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз.

Табиб беморнинг бутун танаси бўйлаб қўл ҳаракатлари қиляпти. Табобатда мавжуд бўлмаган усулларни қўллаяпти. Шу билан гўёки беморни даволаяпти. Бу ҳам етмагандай бемордан тасдиқлатиб оляпти тузалдизми деб. Бемор ҳам ноиложликдан “ҳа” деяётганининг гувоҳи бўляпмиз.

Агар бунақа усул билан даволаш мумкин бўлганида, Ўзбекистонда бирорта ҳам шол инсон қолмаган бўларди. Бизга кўплаб одамлар мурожаат қилиб, кўрни, шолни даволай олишини айтади. Биз Кўрлар жамиятидан биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронларидан бир неча нафарини олиб келсак, биласизми нима қилади, қочиб кетади. Лекин ўзича, ўзининг яшаётган жойида шундай даъвони қилади. Чўкаётган одам хасга ҳам ёпишганидек, бемор одамлар бундайларга осон ишониб қолади.

Иккинчидан, кўрсатилаётган тиббий хизматлар аҳолини қаноатлантирмагани ҳам уларнинг олдига одамларнинг оқиб боришига шароит яратиб беряпти.

Фарғонадаги табибнинг олдига бориб келганлардан бироз вақт ўтиб сўрасангиз: “Ҳа энди, бир қизиқиб бордим-да”, дейди. Яъни тузалдим демайди.

Биз табиб Иқбол Солиевни бир неча марта оғзаки ва ёзма огоҳлантирдик. Агар у ҳозирги кунда ҳам фаолиятини давом эттириб келаётган бўлса, ҳуқуқни муҳофаза қиладиган органларга ҳолатни фирибгарликка баҳолаб чора кўришларини сўрашга мажбур бўламиз”, – дейди Халқ табобати ассоциацияси раиси Рўзимуҳаммад Хонназаров.

Табиб ниқобидаги фирибгарлар

Охирги йилларда ўзини ўзи табиб деб эълон қилиб, ҳар қандай дардларга даво эканини иддао қилаётган, якунда эса фирибгар бўлиб чиқаётган кўплаб ҳолатлар рўй берди.

Сохта табиблик қилиб 500 минг доллар пул ишлаган бухоролик тракторчи, ўлган инсонни 31,5 минг долларга тирилтириб беришни ваъда қилган хоразмлик “табиб”, беморларга хандон писта чақишни тавсия қилиб машҳур бўлган андижонлик Ҳасан табиб ва бошқалар шулар жумласидан. Ўтган йили ироқлик Али Маҳмуд Ҳасан деган шахснинг Ўзбекистонга келгани шов-шув бўлган (у Саудия Арабистонида фирибгарлик учун жавобгарликка тортилган), жамоатчилик унга кўринганлардан кимдир ҳақиқатан ҳам соғайиб кетганига бирор исбот кўрмаган эди.

Қўқондаги ҳолат ҳам тегишли ташкилотлар томонидан назоратга олинмас экан, яна кўплаб ишонувчан одамлар чув тушиб қолиши мумкин.

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири

Монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид