«Қримда бошланганди, Қримда тугайди» – Зеленский Қрим ҳар қанақасига қайтариб олинишини айтди
Зеленский Қрим аннексияси вақтида дунё жим тургани Россияга сигнал ўлароқ хизмат қилгани ва Украинага босқин амалга оширилганини айтди. Эрдўған Туркия Қримни Украинанинг бир қисми деб тан олиши ва бу ҳудуд Украинага қайтарилиши кераклигини таъкидлади.
Украина президенти Володимир Зеленский «Қрим платформаси» саммитида Россия тинчлик музокараларига тайёр эмаслиги, Украина унинг шартлари асосида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга рози бўлмаслигини таъкидлади.
«Учинчи, бешинчи, еттинчи «Минск келишуви» бўлмайди»
23 август куни ўтказилган «Қрим платформаси» халқаро онлайн саммитида Зеленский Украина ҳозирги ҳолатда ўт очиш режимини тўхтатиш келишувига бормаслигини айтди. Шунингдек, Россия билан ҳеч қанақа янги «Минск келишуви» тузилмаслиги, бу фақат ҳудудлар йўқотилишига олиб келишини қайд этди.
«Ҳозир бўлиб турган ҳолатимизда ўт очиш режимини тўхтатишга тайёр эмасмиз. Ҳеч қанақа «Минск-3», «Минск-5» ёки «Минск-7» келишувлари бўлмайди. Биз ортиқ бу ўйинни ўйнамаймиз, ахир айнан шу тарзда ҳудудларимизни бой бердик. Чунки бу тузоқ», деди Украина президенти.
Зеленский вақтинча тузилган сулҳ бир неча йил давом этиши ва бунинг оқибатида Украина ҳозир Россия эгаллаб олган ҳудудлардан айрилиши мумкинлигини таъкидлади. Кейинчалик эса Россия Украинанинг қолган қисмига – Миколайив ва Одессага, ҳаттоки Киевни эгаллашга қайта уриниб кўриши мумкин.
«Биз уларнинг жағига туширамиз»
«Қрим платформаси» форумининг матбуот анжуманида қатнашган Зеленский Россия ҳеч қачон мулоқотга рози бўлмаганини айтди.
«Россия ҳукумати уришишга тайёр, мулоқотга эмас. Россия томони Украина тинчлик хоҳламайди, деб гапириши кулгили. Эслатиб ўтаман, уруш Украинада бўлмоқда ва бизнинг фуқароларимиз ўлмоқда. Россия ҳар кунлик ҳужумлари, қотилликлари билан фақат мана шу кўринишдаги музокараларга тайёрлигини кўрсатиб бўлди.
Булардан келиб чиқиб айта оламизки, улар ҳеч қачон ва ҳеч қанақа мулоқот ҳақида ўйламаган. Улар бизнинг ватанимизга бостириб киришди. 2014 йилда ҳам шунақа қилишганди ва ўшанда дунё уларнинг жағига боплаб туширмаганди. Оқибатда улар олдинга қараб кетаверишди, кетарверишди. Биз эса уларнинг жағига боплаб мушт туширамиз», деди Зеленский.
Украина президенти Қрим қайтиб олиниши ҳақида ҳам гапирди.
«Уруш Қрим билан бошланганди, Қрим билан тугайди. Мен террорни енгишимизга, минтақада, Европада тинчлик ўрната олишимизга 100 фоиз аминман.
Россиянинг деградацияси Қримни босиб олиш, Қримнинг туб аҳолиси бўлмиш қрим-татарларни террор қилиш билан бошланди. Бу диний қатағон ҳам. Қрим мусулмон жамиятига қарши ҳаракатларни 21 асрдаги Европада кузатилган энг катта диний қувғин дейиш мумкин.
Бутун дунёда Россия тажовузи устидан ғалаба қозонилиши керак. Бу эса Қрим босқиндан озод қилиниши кераклигини англатади. Қаерда бошланган бўлса, ўша ерда тугайди. Қрим кутмоқда, биз қайтамиз. Украина ва қрим-татарлар байроғи яна Қримда, Симферополда, Керчда, Жанкуйда, Ялтада ҳилпирайди. Бу халқаро ҳуқуқий тартибнинг жуда самарали жонланиши бўлади», деди Зеленский.
Украина етакчисининг фикрича, Қрим аннексияси вақтида дунё жим тургани Россияга сигнал ўлароқ хизмат қилган ва Украинага босқин амалга оширилган.
«Россия эндиликда қирғин, уруш ва қувғин учун жавобгар дунёдаги энг золим тузумлар ичида етакчига айланиш учун курашмоқда. Ҳа, дунёда бу борада жим турмаганлар, бизга ёрдам берганлар бўлди. Аммо кўпчилик жим турди, Қримда нималар бўлаётганини кўрмасликка олишди. Ва бу ҳозир Украинада ва дунёда содир бўлаётган воқеаларнинг асосий сабабига айланди, менимча», деди у.
«Қўшнилардан ёлчимаганмиз»
Зеленский «Қрим платформаси» форуми доирасидаги матбуот анжуманида ОАВ вакилларининг саволларига ҳам жавоб қайтарди. Ундан АҚШ Украина Мустақиллик кунида Россия томонидан ракета зарбалари оширилиши борасида огоҳлантириш берганига қандай изоҳ беришини сўрашди: «Бунақа хавф ҳар куни бор. Кунимиз ажойиб ўтяпти, аммо қўшнидан ёлчимаганмиз».
Зеленскийдан россиялик идеолог Александр Дугиннинг қизи Даря Дугина ўлими ҳақида ҳам сўрашди. «У бизнинг фуқаромиз эмас, бизни қизиқтирмайди ҳам. У Украина ҳудудида эмас, ҳатто вақтинча босиб олинган ҳудудимизда ҳам. Шундай экан, бу масалага биз жавобгар эмасмиз», деди Украина президенти.
«Қрим Украинага қайтарилиши керак»
Саммитда онлайн иштирок этиб нутқ сўзлаган Туркия президенти Ражаб Эрдўған Қрим Украинанинг бир қисми сифатида мамлакатга қайтарилиши кераклигини айтди.
«Бошидан Туркия Қрим аннексия қилинган деб ҳисоблайди, бу конституцияга, қонунга зид иш бўлган ва уни [Россия таркибида] тан олмаймиз. Бу халқаро ҳуқуқ жиҳатдан ҳам, қарашларимиз борасида ҳам бизнинг принципимиздир. Халқаро ҳуқуққа кўра Қрим ўз ажралмас қисми бўлган Украинага қайтарилиши керак.
Туркия учун Қримнинг туб аҳолиси бўлган қрим-татарларнинг хавфсизлиги ҳам муҳим ҳисобланади. Туркиядаги қрим-татарлар Қримдаги қариндошлари ҳақида қайғуришади. Қрим-татарлар Украина фуқароларидир. Қрим бу – Украина, биз Қримни шу кўринишда тан оламиз», деди Эрдўған.
Украина ён бермайди
Зеленский мамлакат мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан украиналикларга мурожаат қилди. Олдинроқ эса байрамга бағишланган тадбирда нутқ сўзлаб, «Қрим платформаси» саммитида яриморол ҳар қанақасига озод этилишини маълум қилди.
Зеленский мурожаатини Киевдаги Мустақиллик майдонида амалга оширди. Кейинроқ урушда яроқсиз ҳолатга келтирилган Россия армияси техникаларидан иборат парад ташкил этилган Крешатик майдонида нутқ сўзлади.
«Босқинчилар бир неча кун ичида пойтахтимиз марказидан парад билан ўтишни мақсад қилганди. Бугун Крешатикда ўша «парад»ни кўриш мумкин. Душман техникаси Киев марказида фақат мана шу кўринишда пайдо бўлиши мумкин.
Ярим йил аввал Россия бизга уруш эълон қилди. 24 феврал куни бутун Украина портлаш, ўқ овозлари ичида қолди ва уларнинг фикрича 24 август куни «Мустақиллик кунингиз билан» деган табрик айтилмаслиги керак эди. 24 февралда бизга имкониятингиз йўқ, дейишди. Биз эса 24 августда «Мустақиллик кунингиз билан» деяпмиз», деди Украина президенти.
Зеленский Украина учун урушнинг якуни фақат ғалаба бўлишини таъкидлади.
«Урушнинг якуни биз учун қандай бўлади? Аввал тинчлик деяётгандик, энди эса ғалаба деймиз. Биз террорчилар билан музокарага интилмаймиз. Ваҳоланки, улар «ҳимоя қилгани» келган рус тилини яхши тушунамиз. Улар гўё «озод қилиш» учун келишди, аммо минглаб инсонларни ўлдиришди.
Биласизми, биз учун ҳаммасини русчасига қиладиган қотиллардан инглизча гапирадиган Жонсон яқинроқ.
Биз қўрққанимиздан, пешонамизга тўппонча тиралган ҳолда музокара столига ўтирмаймиз. Биз учун окоплар эмас, кишан қўрқинчлидир. Ва биз қўлимизни фақат бир ўринда кўтарамиз, Мустақиллик кунимизни нишонлаётганда», деди Зеленский.
24 август куни Британия бош вазири лавозимида охирги кунларини ўтказаётган Борис Жонсон кутилмаганда Киевга бориб, украиналикларни байрам билан табриклади. У Киев кўчаларида Зеленский билан айланишга ҳам улгурди.
Украина етакчиси мамлакат ҳудудий яхлитлигини тўлиқ тиклаши, Қрим ва Донбасс ҳам озод қилинишини айтди: «Украина бу – мамлакатнинг барча 25 ҳудудидир, ҳеч қандай муроса ва воз кечишларсиз».
Мавзуга оид
21:13 / 12.11.2024
Суджаликлар яна бир бор ўз яқинлари эвакуацияси учун гуманитар йўлак сўради
20:43 / 12.11.2024
НАТО бош котиби Украинадаги можаро «траекториясини» ўзгартиришга чақирди
14:56 / 12.11.2024
Макрон ва Стармер Трамп ғалабасидан кейин ҳам Украинани қўллашда «собит» бўлишга ваъда беришди
11:51 / 12.11.2024