Ўзбекистон | 12:11 / 26.08.2022
6366
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Беларус фуқаролари учун махсус туристик хизматларни ташкил этмоқчи

Минскда икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Беларус ҳукуматлараро қўшма комиссияси 9-йиғилиши бўлиб ўтди.

Фото: Dunyo

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев ва Беларус бош вазири ўринбосари Леонид Заяц ҳамраислигида Минск шаҳрида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия 9-йиғилиши бўлиб ўтди.

Саноат кооперацияси соҳасида ҳамкорлик йўналишлари ва қўшма ташаббусларни ишлаб чиқиш мақсадида шу йил сентябр ойида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Беларус бизнес кенгаши иккинчи йиғилишини ўтказишга келишилди.

Беларусда 2023 йил биринчи ярмида фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик бўйича Беларус-Ўзбекистон комиссияси 2-йиғилишини қатнашчилар бевосита иштирокида ўтказиш, тасдиқланган қўшма илмий-техникавий ва инновацион ҳамкорлик дастурини IТ, рақамлаштириш ва юқори технологиялар соҳасидаги ташаббус ва лойиҳалар билан бойитиш тўғрисида келишувга эришилди.

Беларус фуқаролари учун «Оила учун туризм», «Қуёшли таътил», «Витаминли тур», «Ўқиш ва саёҳат» каби махсус туристик хизматларини ташкил этишга тайёрлик билдирилди. Беларус жорий йил ноябрь ойида бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро туризм ярмаркаси ва 2023 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган БМТ жаҳон туризм ташкилоти бош ассамблеяси 25-сессиясига таклиф қилинди.

2023-2026 йилларда Ўзбекистон ва Беларус етакчи олий ўқув юртлари ўртасида «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, Ўзбекистонда «Беларус киноси кунлари» ва Беларусда «Ўзбек киноси кунлари»ни ўтказишга келишилди.

Йиғилиш якунлари бўйича келишувларни акс эттирувчи якуний протокол, икки давлат ҳукумат раҳбарлари ўзаро ташрифларида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» имзоланди.

Мавзуга оид