Лондон: Россиянинг Донбассдаги ҳужумлари кучайди, Киев йирик қарши ҳужумга тайёрланяпти
Британия разведкасининг фикрича, Киев йирик қарши ҳужумга тайёрланар экан, Россия Донбассдаги саъй-ҳаракатларини кучайтирди.
Сўнгги беш кун ичида Донбассдаги рус қисмлари ва бўлинмаларининг ҳужумлари сони ошди. Донецк шимолидаги Сиверск ва Бахмут шаҳарлари ҳудудида шиддатли жанглар давом этмоқда. Бу ҳақда Британия мудофаа вазирлиги томонидан 27 август, шанба куни чоп этилган Британия разведкаси хулосасида айтилади.
Россияпараст айирмачилар отрядлари маълум даражада Прокофьев номидаги «Донецк» халқаро аэропорти яқинида жойлашган Донецк области Пески посёлкаси марказига қараб олдинга силжиган. Бироқ, Британия разведкаси расмийларига кўра, рус қўшинлари «майда ҳудудий ютуқларга» эришган.
Шу билан бирга, Буюк Британия Мудофаа вазирлиги Россиянинг Донбассдаги саъй-ҳаракатларида «қўшимча украин бўлинмаларини чалғитиш ёки уларнинг олдинга силжишини тўхтатиб қўйиш мақсадида» кучайтириш эҳтимолини кўрмоқда – Украина йирик қарши ҳужумни режалаштираётгани ҳақида тахминлар бор.
Буюк Британия Мудофаа вазирлиги ҳар куни Россиянинг Украинага ҳарбий ҳужуми бошланишига оид ҳисоботларни чоп этади. Москва Лондонни мақсадли дезинформация кампаниясида айблаяпти.
Буюк Британия аввалроқ Киевга М270 MLRS ялпи ўт очиш реактив тизимлари (ЯЎРТ)нинг яна бир партиясини топширган эди. Украина мудофаа вазири Олексий Резников 12 август куни Twitter’да хабар беришича, бу қурол тизимлари аллақачон мамлакатга етиб борган. «Бирлашган Қироллик Мудофаа вазирлиги раҳбари Бен Уоллес ва бутун Британия халқига раҳмат! Сизнинг ёрдамингиз ҳайратланарли ва Украина учун жуда муҳим. Украина армияси бундан жанг майдонида моҳирона фойдаланмоқда», - деб ёзган Резников.
Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг мамлакат тинч аҳоли орасида қурбонларни камайтириш мақсадида Украинадаги ҳарбий кампанияси суръатини атайлаб секинлаштираётгани ҳақидаги баёноти «атайлаб тарқатилган нотўғри маълумотдир», дея маълум қилди 26 август куни Британия Мудофаа вазирлиги. 25 киши, жумладан, икки бола ҳалок бўлган Чаплине станциясига «Искандар» зарбаси «Россия ракета ёки артиллерия зарбалари беришда ҳарбий устунликни кўрса, зарар етказишга тайёрлигини кўрсатади», деди Британия ҳарбийлари.
Уларнинг фикрича, «Россия Федерациясининг ҳужуми Россиянинг ёмон ҳарбий ҳаракатлари ва Украинанинг қаттиқ қаршиликлари туфайли тўхтаб қолди». «Шойгу қўмондонлиги остида Украинада ҳаракат қилаётган кучлар режалаштирилган операция муддатларини бир неча бор бузди», - дея билдирди Британия ҳарбий идораси. Таъкидланишича, Украинага бостириб кириш бошлангандан бери камида олти генерал етарлича тез ҳаракат қилмагани учун ишдан бўшатилган.
Мавзуга оид
19:39 / 08.11.2024
Украинада россиялик яна бир генерал ҳалок бўлди
21:23 / 31.10.2024
Фронтдаги вазият: Россия ва Украина Курахово учун кузнинг ҳал қилувчи жангини бошлади
21:00 / 07.10.2024
Рамзон Қодиров миграция сиёсатида «ўрта аср ёндашувларидан» воз кечишга чақирди
20:07 / 07.10.2024