Ўзбекистон | 07:47 / 01.09.2022
10685
2 дақиқада ўқилади

Telegram'да аёлларга туҳмат қилиб, уларни фоҳишаликда айблаган жиноий гуруҳ аниқланди

ИИВ ЖҚББ Уюшган жиноятчилик ва қурол билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш бўлими ҳамда ДХХ ҳамкорлигида интернет орқали аёлларни ҳақорат қилиб, уларни фоҳишаликда айблаб туҳмат қилиб келаётган жиноий гуруҳни аниқлаш юзасидан олиб борилган тезкор тадбирлар ташкил этилди.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Аниқланишича, жиноий гуруҳ 200 дан ортиқ аёлларнинг суратлари, телефон рақамлари, исмларини «Телеграм»даги каналга ёпиқ профиль орқали жойлаштириб келган.

Шунингдек, ғаразли ва паст ниятларни кўзлаган ҳолда мазкур аёллар пул эвазига фоҳишалик билан шуғулланиб келиши ҳақида туҳмат қилиб, жабрланувчи аёллар ўз суратларини мазкур каналдан ўчириб ташлашни талаб қилган вақтларида уларни турли куракда турмайдиган уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб келаётгани ҳақида маълумот олинган.

Олиб борилган тезкор-қидирув чора-тадбирлари натижасида, мазкур жиноий ҳаракатларни 1982 йилда туғилган, муқаддам МЖтК 41-моддаси (ҳақорат) билан жавобгарликка тортилган, Сурхондарё вилояти Шеробод туманида яшовчи М.Ш. ва 2003 йилда туғилган, Қашқадарё вилояти Китоб туманида яшовчи Р.С. амалга ошириб келаётгани аниқланди. Улар фойдаланиб келаётган телефонларда жиноий фаолиятини тасдиқловчи ёзишмалар аниқланиб, холислар иштирокида расмийлаштириб олинди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодекси 139- ва 140-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид