АҚШ президенти маъмурияти Россияга Эрондан учувчисиз учиш қурилмалари етказиб берилгани ҳақида ОАВда тарқалган хабарларни тасдиқлади. «Бизнинг маълумотга кўра, Россия Эрондан август ойида Mohajer-6 ва Shahed сериясидаги учувчисиз учиш қурилмаларини қабул қилиб олди. Дронлар Эрондаги аэродромда Россия транспорт самолётларига юкланган, кейин улар Россияга учган. Биз буни кўриб турибмиз», деган брифингда Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер.

Эрондан Россияга учувчисиз учиш аппаратларининг илк партияси юборилгани ҳақида аввалроқ Америка матбуотида - Washington Post газетаси ва CNN телеканалида хабар қилинганди.

Газета разведка хизматидаги аноним манбасига, телеканал эса Жо Байден маъмурияти вакилига таяниб хабар тарқатган.

Хабарларда Mohajer-6, Shahed -129 ва Shahed-191 дронлари Россияга 19 август куни юборилгани айтилган.

Washington Post хабарида россиялик ҳарбийлар томонидан ўтказилган илк синовларда аппаратлар фаолиятида қатор камчиликлар аниқлангани айтилган. Газета айнан қандай муаммоларга дуч келинганига аниқлик киритмаган.

Эронда дронлар дастури 1980-йиллардан ривожлана бошланганига қарамай, мамлакат доимий равишда санкциялар остида бўлиб келгани туфайли, халқаро экспертлар ҳисоблашича, ишлаб чиқарилган дронларнинг аксари хориж мамлакатлари дронларининг кўчирмаси ҳисобланади.

Россияга Эрон учувчисиз учиш қурилмалари етказиб берилаётгани ҳақида Америка матбуотида тарқалган хабар катта сенсация бўлмади - Москва Теҳрондан дронлар сотиб олишни режалаштираётгани ҳақида июл ойидаёқ маълум бўлганди.

Шу билан бирга Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков сешанба куни Washington Post нашрида чиққан материалга билдирган муносабатида ушбу нашр сўнгги вақтларда «жуда кўп ёлғон-яшиқ хабарлар тарқатаётгани»ни қайд этди.

Москва яқинида ўтказилган «Армия-2022» кўргазмасидаги Mohajer-6 дрони. Фото: Getty Images

Ҳарбий экспертларнинг ишонч билан айтишича, Украинада дронларнинг ўткир етишмовчилигига дуч келган Россия Эронга юзланишга мажбур бўлган, чунки бошқа давлатлардан бундай техникаларни харид қилишнинг деярли имкони йўқ, Россиянинг ўзида эса бу синфдаги дронларни кенг ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаган.

Эрон дронлари