Спорт | 23:33 / 02.09.2022
19785
2 дақиқада ўқилади

«Бундай ҳакамлик – футболнинг устидан кулиш». Шацких Намангандаги ўйиндан кейин ҳакамларни танқид қилди

Ўзбекистон кубоги чоракфинали доирасидаги «Навбаҳор» - «Пахтакор» (2:1) ўйинидан сўнг тошкентликлар бош мураббийи Максим Шацких матбуот анжуманида қатнашиб, ўйиндаги ҳакамликни футболни устидан кулиш деб изоҳлади.

Фото: tribuna.uz

«Бугун ушбу мавзуга тўхталишни истамагандим, аммо гапиришга мажбурман. Бу ҳакамлик совет давридан қолган уй ҳакамлиги бўлди. Ўзбекистон кеча мустақиллигини байрам қилди, бунга 31 йил тўлди. Аммо ҳакамлик ҳамон ўша даврда қолиб кетгандек. Бу футболнинг устидан кулиш. Мен йигитларга ўйиндан кейин раҳмат айтдим. Ўзимизга гол олиб келдик. Ўйинни назорат қилдик. Камчиликлар устида ишлаймиз. Чемпионат ўйинлари олдимизда, курашни давом эттирамиз.

Дарвозабонимиз бирор марта рақибнинг ижодкорлиги сабабли ҳужумдан кейин тўпга тегмади. Қанотдан узатилган тўплар ва зарбалар ўйин эмас. Биз бу ерда қотиб қолишни хоҳламаймиз. Ўсишни истаймиз, замонавий футбол ўйнамоқчимиз. Мағлубиятга хатоларимиз сабаб бўлди. Шундай ҳакамлик билан ҳам ютишимиз керак эди», - дея Шацкихнинг сўзларини келтирган клуб матбуот хизмати.

Маълумот учун, ушбу учрашувда Шаҳзод Азмиддинов ҳисобни очган бўлса, ўйин якунигача Жамшид Искандеров пенальтидан иккита гол киритиб Самвел Бабаян шогирдларига ғалаба келтирди. 

Шу тариқа, «Пахтакор» кубок баҳсларини тарк этиб, сўнгги 4 йилда илк марта мусобақа яримфиналида ўйнамайдиган бўлди.

Мавзуга оид