Ўзбекистон | 09:23 / 03.09.2022
5858
2 дақиқада ўқилади

«Газпром» ҳозирча «Шимолий оқим» орқали газ етказиб беришни тикламайди

«Портовая» компрессор станциясида мунтазам техник хизмат кўрсатиш чоғида нефть сизиб чиқиши аниқланган, дея хабар берди «Газпром». Шу сабабли, «Шимолий оқим» орқали газ етказиб бериш муаммолар бартараф этилмагунча тикланмайди.

Фото: AFP

3 сентябр, шанба кунидан бошлаб, уч кунлик танаффусдан сўнг «Шимолий оқим» газ қувури орқали яна газ ўтиши ҳақидаги баёнотлардан фарқли ўлароқ, кўк ёнилғи таъминоти қайта тикланмайди. Бу ҳақда 2 сентябр, жума куни Россиянинг «Газпром» давлат компанияси бунга «Портовая» компрессор станциясида нефть сизиб чиқишини сабаб қилиб кўрсатган ҳолда маълум қилди.

«Ускунанинг ишлашига оид жиҳатлар бартараф этилмагунча, газни «Шимолий оқим» газ қувурига узатиш бутунлай тўхтатилди», - дейилади россиялик газ монополисти баёнотида. Унда, шунингдек, Trent 60 газ компрессор қурилмасига техник хизмат кўрсатиш ишлари Германиянинг Siemens компанияси вакиллари билан биргаликда олиб борилгани, улар ҳам нефть сизиб чиқиши аниқлангани тўғрисидаги ҳисоботни имзолагани айтилади. 

Ўз навбатида, Siemens Energie шундай баёнот берди: «Турбиналар ишлаб чиқарувчиси сифатида биз фақатгина бундай хулоса («Газпром»нинг) ишни тўхтатиш учун техник сабаб эмаслигини айтишимиз мумкин». 

31 август куни эрталаб Россиядан Германияга «Шимолий оқим» қувури орқали газ етказиб бериш бутунлай тўхтатилди. Аввалроқ «Газпром» ягона ишлаётган Trent 60 газ компрессор блоки иши техник хизмат кўрсатиш ва режали профилактика ишлари учун 31 августдан 2 сентябрга қадар тўхтатилиши ҳақида огоҳлантирган эди. Шу билан бирга, Германиянинг Федерал тармоқлар агентлиги раҳбари Клаус Мюллер етказиб беришнинг тўхтатилиши сабабига шубҳа билдирди.

«Газпром» маълумотларига кўра, таъмирлаш ишларидан сўнг кунига 33 миллион кубометр газ етказиб бериш қайта йўлга қўйилиши керак, бу газ қувури ўтказиш қобилиятининг қарийб 20 фоизини ташкил қилади.

Мавзуга оид