Ўзбекистон сув таъминоти соҳасига 5,5 млрд доллар инвестицияларни жалб қилмоқчи
Ўзбекистон сув таъминоти тизимидаги ўзгаришлар Жанубий Кореяда тақдимот қилинди.
30-31 август кунлари Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида Глобал инфратузилмавий ҳамкорлик бўйича конференция (GICC 2022) бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири биринчи ўринбосари, “Ўзсувтаъминот” бошқаруви раиси Соҳиб Саифназаров иштирок этиб, иштирокчиларга сўнгги йилларда мамлакатда ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш соҳасида қилинаётган ишлар, амалга оширилаётган лойиҳалар тўғрисида маълумот берди.
Соҳиб Саифназаров ўз нутқида 2026 йилга қадар амалга оширилиши режалаштирилган ишларга тўхталиб ўтди. Ушбу давр мобайнида соҳага ўтган 5 йилга нисбатан 5 баробарга кўп, яъни 5,5 млрд доллар миқдорида инвестицияларни жалб қилиш кўзда тутилган.
2022-2026 йилларда республикада 2875 та ичимлик ва 283 та оқова сув иншоотларини, 33,7 минг км тармоқларни қуриш режалаштирилган. Бунинг натижасида 2026 йилга келиб, республика аҳолиси марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 90 фоиз, оқова сув хизматлари билан қамраб олинганлик даражаси эса 35 фоизга етиши кутилмоқда.
Жанубий Корея “Ўзсувтаъминот”нинг энг яқин ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Ушбу давлатнинг K-Water корпорацияси билан ҳамкорликда мамлакатда эскирган тармоқларни модернизация қилиш, кадрларни ўқитиш ва малакасини ошириш, соҳага янги технологик ечимлар орқали “ақлли” сув ҳисоблагичларини жорий этиш, сув сарфини бошқариш бўйича қатор ишлар олиб борилмоқда.
Июнь ойида “Ўзсувтаъминот” ва K-Water ўртасида мамлакатда сув таъминоти ва санитария соҳасида салоҳиятни ошириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Томонлар Ўзбекистонда сув таъминоти ва оқова сувни чиқариб юбориш соҳасида ўқув маркази ташкил этиш учун зарур бўладиган маълумотларни тўплаш мақсадида биргаликда иш олиб боради.
Мавзуга оид
02:35 / 12.11.2024
NBC: Жанубий Корея президенти Трамп билан учрашув олдидан голф машғулотларини қайта бошлади
17:52 / 11.11.2024
LG дунёдаги биринчи чўзилувчан дисплейни намойиш қилди
12:38 / 11.11.2024
Алишер Абдусаломов Жанубий Корея президентига ишонч ёрлиқларини топширди
00:08 / 11.11.2024