– Ўзбекистонда генерация етишмаслигини қуёш станциялари билан қоплашнинг имкони мавжудми?

Йўқ, назарий жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсак, генерация етишмовчилигини қуёш станциялари билан тўлиқ қоплаб бўлмайди. Сабабини тушунтираман.

Ўзбекистонда энг юқори талаб қиш ойларида кузатилади. Унда ҳам кечки соат 16 дан 22 гача бўлган вақт оралиғида. Бу соатларда аксарият қуёш станциялари ишламайди. Лекин умуман олганда, қуёш генерацияси бугунги кунда оммалашиб боряпти, келажак учун эса бу энг асосий технологиялардан бири бўлади. Негаки, қуёш энергиясини сақлаш аккумуляторларининг нархи йилдан йилга арзонлашиб боряпти.

Энергия кундуз куни ишлаб чиқарилиб, ортиқчасини аккумуляторга йиғиб, кечқурун ишлатиш мумкин. Бизнинг ҳисоб-китобимиз бўйича тахминан 2030 йилга бориб, аккумуляторларнинг нархи шу даражада тушиб кетадики, қуёш электр станциялари оддий станциялар билан рақобатлаша оладиган бўлади.

Мамлакатимизда шамол энергияси барқарорми? Шу масалани қайсидир ташкилот илмий жиҳатдан ўрганганми? Дейлик, Қорақалпоғистон ёки Бекободда сершамол ҳудудларимиз бор.

– Биринчидан, Энергетика вазирлигининг ўзида ҳам чет элда таҳсил олган, тажрибали, ёш мутахассислар етарли. Улар мана шу шамол энергияси бўйича мутахассислардир. Улар бирламчи ўрганишларни ўтказишади.

Бундан ташқари, халқаро молиявий институтларидан биринчиси, албатта Европа тараққиёт ва тикланиш банки, қолаверса, Жаҳон банки билан биргаликда шамол потенциали халқаро хорижий консультантларни жалб қилган ҳолда ўрганилади. Ўзбекистонда шамол потенциалининг асосий кучи ғарбий қисмга тўғри келади. Бу Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Навоий вилоятларига. Чўл ҳудудларимизда шамол ҳақиқатан ҳам яхши салоҳиятга эга.

Бекобод шамоли эса кучли, аммо бир маромдаги шамол эмас. Шамол станциялари учун у қадар кучли шамол керак эмас. Аксарият шамол станциялари ўртача 8-9 метр секундига эсган шамол таъсирида яхши ишлайди. Бекободда 20 метр кузатилади. Лекин баъзан умуман шамол бўлмайди.

– Сирдарё иссиқлик электр станцияси доим таъмирланишда. Унинг қуввати оширилиб, деярли битта станция қурса бўладиган маблағ сарфлаб юборилди. Яқинда яна иккита янги станция қурилаётган экан. Бу иқтисодий жиҳатдан қанчалик тўғри? Шунда аввалги маблағлар беҳуда сарфланган бўлиб чиқяптими? Ёки хатолардан тўғри хулоса чиқарилиб янги станциялар қуриляптими?