17 июл куни Тошкент шаҳрида Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси Бухоро вилояти Пешку ва Ғиждувон туманларида қурилаётган, ҳар бири қуввати 500 Мвт бўлган – Баш ва Жанкелди шамол электр станцияларидаги 35 фоиз улушини сотиш тўғрисида Хитойнинг China Southern Power Grid International компанияси билан битим тузди.

Компания матбуот хизмати хабарига кўра, битим якунига бағишланган тадбирда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, вазир ўринбосари Умид Мадаминов, Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги элчиси ўринбосари Ҳамуд Турки Алмутаири, Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги директори ўринбосари Абдуллажон Отабоев, ACWA Power бош директори Марко Арcелли ва CSG вице-президенти Танг Йифенг қатнашган.

Хабарда битим қиймати очиқланмаган.

“Ушбу битим Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергетикани ривожлантиришда муҳим босқич бўлди. Бу ACWA Power ва China Southern Power Grid International ўртасида Марказий Осиёда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишга оид кенг кўламли лойиҳа бўйича биринчи қўшма инвестиция битимини ифодалайди”, - дейилади ACWA Power хабарида.

Баш ва Жанкелди ШЭС ҳақида

Бухоронинг икки туманида шамол электр станцияларини қуриш бўйича президент фармони 2021 йилда имзоланган.

Бу икки лойиҳа қуввати жами 1000 Мвтга тенг бўлиб, ACWA Power уларнинг қурилишини 2022 йилда бошлаган. Шамол электр станциялари 2024 йилда фойдаланишга топширилиши керак эди.

Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси лойиҳани амалга ошириш учун Ўзбекистон миллий электр тармоқлари компанияси билан 25 йиллик шартнома имзолаган. Шамол электр станцияларини молиялаштириш халқаро молия институтлари кўмагида амалга ошириляпти.

Қурилиши бошланган вақтда Баш ва Жанкелдида шамол тун-у кун эсиб тургани сабаб тўхтовсиз электр энергияси ишлаб чиқариш имкони бўлиши маълум қилинганди. 1 ГВт (1000 Mвт) қувватга эга станциялар республикада ишлаб чиқарилаётган 6,3 фоиз электр энергиясига тўғри келади.

Энергетика вазирлиги станциялар йилига 3,6 миллиард kWh электр энергияси ишлаб чиқариши, бунинг натижасида (йилига) 1,1 млрд куб табиий газ иқтисод қилинишини маълум қилганди. Шу билан бирга, шамол электр станциялари 1 миллион хонадонни электр энергияси билан таъминлайди.