Ўзбекистон | 14:39 / 05.09.2022
12770
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда икки нафар хорижлик гиёҳванд моддалар билан қўлга олинди

Давлат хавфсизлик хизмати Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан гиёҳванд моддалар ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида бир нечта тезкор тадбирлар ўтказилди.

Фото: ДХХ

Тошкент шаҳар Чилонзор тумани ҳудудида “Матиз” русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Унда йўловчи сифатида кетаётган икки нафар хорижий фуқарога тегишли 23 кг 52 гр “опий” ва 30 кг 122 гр “гашиш” гиёҳвандлик воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Ушбу гиёҳванд моддалар афғонистонлик наркокурьерлар томонидан контрабанда йўли билан мамлакатга ўтказилган.

Бошқа бир ҳолатда эса муқаддам хорижда оғир жиноят содир этгани учун қамоқ жазосини ўтаган, Денов туманида яшовчи фуқаро бошқарувидаги “Ласетти” русумли автомашина Термиз шаҳрида тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Унда ҳам афғонистонлик наркосавдогарлар томонидан юборилган 39 кг 520 гр “гашиш” моддаси борлиги маълум бўлди.

Учинчи ҳолатда эса Денов шаҳрида яшовчи, муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун судланган шахс ўз яшаш хонадонида 2 кг 396 гр “опий” моддасини келгусида сотиш мақсадида сақлаб келаётгани аниқланди ҳамда ўрнатилган тартибда расмийлаштириб олинди. 

Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами 25 кг 448 гр “опий” ва 69 кг 642 гр “гашиш” гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодекси тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид