14:17 / 07.09.2022
4716

Болтиқбўйи давлатлари россияликларнинг киришини чеклаш ҳақида келишиб олди

Латвия, Литва ва Эстония ҳукумати яқинда россияликларнинг Шенген визаси билан кириши тақиқланганини расман эълон қилади.

Фото: Ieva Lūka/LETA

Латвия, Литва ва Эстония россияликларнинг Шенген визаси билан Россия ва Беларус ҳудудидан киришини чеклаш бўйича принципиал келишувга эришди, деди Латвия ташқи ишлар вазири Эдгарс Ринкевичс 7 сентябр, чоршанба куни.

Расмий равишда тақиқ яқин кунларда эълон қилинади, дея қўшимча қилди Ринкевичс. Унга кўра, оилавий ва гуманитар сабабларга кўра кириб келаётган юк машиналари ҳайдовчилари, дипломатлар ва россияликлар учун истиснолар бўлади. «Қарорлар миллий ҳукуматлар томонидан миллий тартибларга мувофиқ қабул қилинади ва бир вақтнинг ўзида кучга киради», деб ёзади Ринкевичс. 

Эстония, Литва ва Латвия Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин Россия фуқароларига туристик визалар беришни тўхтатди ва Европа иттифоқининг бошқа давлатларини ҳам шундай қилишга чақирди. Август ойида Эстония ҳам давлат томонидан берилган Шенген визасига эга русларнинг мамлакатга киришини тақиқлаган эди. 

Бир кун аввал Еврокомиссия (ЕК) Россия билан виза тартибини соддалаштиришга оид келишувни тўлиқ тўхтатиб туриш бўйича таклифларни эълон қилди. Янги режим 12 сентябрдан кучга кириши мумкин. 

Энди Россиядан барча мурожаат этувчилар учун виза тўлови миқдори 35 евродан 80 еврога кўтарилади. Виза аризалари бўйича қарор қабул қилишнинг стандарт муддати 10 кундан 15 кунгача, айрим ҳолларда эса 45 кунгача чўзилади. Бундан ташқари, россияликлар энди ҳужжатларнинг тўлиқ рўйхатини тақдим этишлари керак бўлади ва аввалгидек қисқартирилган рўйхат қўлланмайди. 

«Россия каби босқинчилик уруши олиб бораётган давлат бузғунчи ташқи сиёсат ва Украинага қарши ҳарбий тажовузни давом эттириб, қоидаларга асосланган халқаро тартибни тўлиқ менсимасликни кўрсатар экан, соддалаштирилган виза режимидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлмаслиги керак», дея маълум қилди ЕК.

Top