Жамият | 16:22 / 07.09.2022
10977
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 26 ёшли аёл ошхонада 28 ёшли эркакни пичоқлади

Пойтахтда аёл кишининг пичоқ зарбаси эркак киши ўлимига сабаб бўлди.

Фото: Тергов департаменти

2022 йил 4 сентябрь куни соат 00:30 да 26 ёшли К.Г. (аёл) ўзи ишлаб келаётган Яшнобод тумани Торариқ кўчасида жойлашган умумий овқатланиш жойида бўла туриб, мазкур оилавий ошхонада ўзи билан бирга ишловчи 28 ёшли, маст ҳолатдаги М.С. (эркак) билан ўзаро жанжаллашиб қолган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, аёл ўрталарида келиб чиққан келишмовчилик натижасида, ошхона пичоғи билан эркак қорин қисмига бир маротаба зарба бериб, тан жароҳати етказган.

Оқибатда, 28 ёшли эркак олган тан жароҳати билан шифохонага олиб кетилаётган вақтда вафот этган.

Суд-тиббий экспертиза хулосасида унда «Қорин ўнг олд деворини тешиб кириб жигарни шикастлаган санчиб-кесилган жароҳати, ички ва ташқи қон кетиш» каби жароҳатлар аниқлангани ва ушбу жароҳатлар оғирлик даражасига кўра, ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари сифатида баҳоланиши кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Яшнобод туман ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 26 ёшли аёлга нисбатан Жиноят кодекси 104-моддаси 3-қисми «д» банди (жабрланувчи ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, у процессуал тартибда ушланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид