Ўзбекистон | 21:04 / 08.09.2022
74127
4 дақиқада ўқилади

Сариосиёда 4-синф ўқувчиси зўрланган. Ҳолат бўйича прокурор ва ИИБ масъулининг жавоби бир-бирига тўғри келмаяпти

Сариосиё туманидаги мактаблардан бирининг 4-синфида ўқувчи қиз шу мактабнинг 8- ва 4-синфида ўқувчи ака-укалар томонидан зўрланган. Бу ҳақда қизалоқ билан бир қишлоқда яшовчи Kun.uz манбаси хабар берди.

“Воқеа 6 сентябр куни, қизалоқ мактабдан уйига қайтаётган пайтда содир бўлган. Қизнинг келаётганини кўрган ака-укалар уни боғга мажбуран тортиб олиб кирган ва қўлларини боғлаган ҳолда номусига теккан”, – деди шахси сир қолиши шарти билан гапирган манба.

Маълум бўлишича, ака-укаларнинг бири 8-, яна бири 4-синфда ўқийди, ука – жабрланувчи қизнинг синфдоши.

“Қизчанинг отаси чўпон. Иймонли ва инсофли одам. Аммо қонун-қоидани яхши билмайди. Ҳозир уйидан чиқолмай қолган. Нима қилишни ҳам билмаяпти.

Бугун туман ҳокими ва прокурори мактабга бориб йиғилиш ўтказган. Аммо эшитишим бўйича, йиғилишда воқеани шов-шув қилмай ёпиб юбориш кераклиги ҳақида гап борган. Воқеани туманимиз учун шармандалик дея, бошқалар ҳам жим юришга чақирилган.

Қиз ҳам кеча жойлаштирилган касалхонадан бугун чиқариб юборилганмиш”, – деди суҳбатдош.

Манбанинг қўшимча қилишича, ака-укаларнинг ота-онаси ишни енгиллатиш учун воқеада 8-синф ўғли қатнашганини яширишга уринмоқда. Ота-она бунинг ўрнига “воқеани тўртинчи ва учинчи синфда ўқийдиган фарзандлари содир қилгани” ҳақида кўрсатма беришган.

“Шундай қилса, катта ўғли жавобгарликдан қутулиб қоларкан. Кичик фарзандлари эса жавобгарликка тортиш ёшига етмаган. Орган ходимлари ҳам буни билиб, билмаганга олаётган бўлиши мумкин. Ўзингиз ўйланг, тўртинчи ва учинчи синфда ўқувчи болалар қандай қилиб бу ишни қилиши мумкин?!” – дейди у.

Сайт мухбири ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Сариосиё туман прокурори Нодир Азизов билан телефон орқали боғланди.

Воқеа ҳақида гапираркан, Азизов ҳақиқатдан ҳам тумандаги мактаблардан бирида (қайси мактаблиги таҳририятга маълум) 4-синф қизнинг номусига тегиш ҳолати содир бўлганини тасдиқлади.

“Қизалоқнинг ота-онаси ички ишлар бўлимига кеча (7 сентябрь – таҳр.) мурожаат қилган. Ҳозир терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Агар Сурхондарёга келсангиз, иш бўйича батафсил маълумот беришим мумкин”, – деди прокурор. Аммо у воқеада 8-синф ўқувчиси қатнашганини инкор қилди.

“Йўқ, бола тўртинчи синф. Қиз ва унинг номусига теккан бола синфдош”, – деди прокурор.

У, шунингдек, воқеа ёритилмаса яхши бўлишини ҳам қўшимча қилди.

Kun.uz мухбири суриштирув ҳаракатларини олиб бораётган Сариосиё туман Ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари Баҳодир Қурбонов билан ҳам боғланди.

Қурбонов бўлган воқеани ва ишда чиндан ҳам тўртинчи ва саккизинчи синфда ўқувчи ака-укалар қатнашганини тасдиқлади, аммо воқеани босди-босди қилишга уриниш бўлганини инкор қилди.

“Йўқ, очиб бўлинган иш бўлса, ёпиб нима қиламиз? Бу иш рўйхатга тушган, ёпиб бўлмайди. Биз ака-укаларни чақирдик, бўлган воқеани тасдиқлашди”, – деди туман ИИБ бошлиғи ўринбосари.

Kun.uz воқеалар ривожини кузатиб боради.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 118-моддаси 3-қисми “а” бандига кўра, бир гуруҳ шахслар томонидан номусга тегиш, яъни зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб, жинсий алоқа қилиш – бу қилмиш шахснинг 18 ёшга тўлмагани айбдорга аён бўлган ҳолда содир этилса, 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Жиноят кодексининг 17-моддасига кўра, шахс юқоридаги модда билан жавобгарликка тортилиши учун 14 ёшга тўлган бўлиши керак.

Илёс Сафаров тайёрлади.

Мавзуга оид