Жаҳон | 15:26 / 11.09.2022
18367
2 дақиқада ўқилади

«Россия армияси орқасини кўрсатмоқда». Зеленский Украина армиясининг муваффақиятлари ҳақида

Фото: Украина президенти офиси

Украина армияси сентябр ойи бошидан буён икки минг квадрат километрдан ортиқ ҳудудини озод этган. Бу ҳақда мамлакат президенти Володимир Зеленский 10 сентябр куни кечқурунги мурожаатида айтиб ўтди.

«Бизнинг жангчиларимиз фронтнинг турли йўналишларида ҳаракатланишда давом этмоқда. Сентябр ойи бошидан буён фаол ҳарбий ҳаракатлар натижасида ҳудудимизнинг икки минг километрдан ортиқ қисми озод этилди. Россия армияси бу кунларда қўлидан келган энг яхши ишини намойиш этмоқда — орқасини кўрсатмоқда», деган у. 

8 сентябр куни Зеленский ой бошидан буён Украина минг квадрат километрдан ортиқ ҳудудини озод қилгани ҳақида айтганди. 9 сентябр куни у Украина қуролли кучлари Харкив областида 30 дан ортиқ аҳоли пунктлари устидан назоратни қайтариб олгани ҳақида маълумот берди.

«Медуза» нашрининг 10 сентябр кунги ҳисобларига кўра, Украина қуролли кучлари ой бошидан буён 4200 квадрат километрдан ортиқ майдонни (агар Изюм шаҳри ва Изюм плацдарми ҳудудидаги аҳоли пунктлари ҳам ҳисобга олинса, бу ҳудудларни Россия қўшинлари ташлаб кетган) қайтариб олган.

Шу ҳафтада Украина армияси Харкив областининг босиб олинган ҳудудларида кенг кўламли қарши ҳужумга ўтди. 8 сентябр куни Россия қўшинлари қуршовга тушиб қолмаслик учун Балаклия шаҳрини ташлаб чиқди, 10 сентябр куни бу иш Купянск шаҳрининг ғарбий қисмида ва Изюм шаҳрида такрорланди.

10 сентябр куни Россия мудофаа вазирлиги илк бор Харкив областидаги чекиниш бўйича изоҳ берди. Вазирлик буни «Донецк йўналишида саъй-ҳаракатларни кучайтириш» мақсадидаги «қайта жамлаш амалиёти» деб изоҳлаган.

Мавзуга оид