21:42 / 11.09.2022
21005

Россия Харкив областини деярли бутунлай тарк этди. Бу РФ мудофаа вазирлиги харитасида кўрсатилган

Sergei Chuzavkov/Keystone Press Agency/Global Look Press

РФ мудофаа вазирлиги журналистлар учун ҳар кунги брифингда 11 сентябр ҳолатига кўра Украинанинг Харкив областининг қайси қисми Россия қўшинлари томонидан намойиш этилаётганини кўрсатди.

Тақдим этилган харитада акс этишича, энди Харкив области шарқида Оскол дарёсининг чап соҳилидаги кичик ҳудудгина Россия назоратида қолмоқда. Бунга «Агентство» нашри эътибор қаратган. 

РФ мудофаа вазирлиги 11 сентябр куни намойиш этган харитада янги мудофаа линияси кўрсатилган.

Бир кун олдинги брифингда кўрсатилган харита билан таққослаганда россиялик ҳарбийлар Харкив области шимолидаги ҳудудлар, хусусан, Россия билан чегарадаги урушнинг илк кунларида эгаллаб олинган Волчанск шаҳрини ҳам ташлаб кетганини билиш мумкин. Волчанскда аллақачон украин байроқлари ҳилпирай бошлаган.

11 сентябр кунги брифингда кўрсатилган харитада Харкив шимоли ва шарқидаги катта ҳудудлар РФ армияси назоратида экани кўрсатилганди

11 сентябр куни украин ҳарбийлари Россия билан чегарадаги Козача Попан ва Варваривка шаҳарларини ҳам эгаллади, шунингдек, РФ армиясининг Харкив областидаги сўнгги логистик тугуни бўлган Великий Бурлукни озод этди.

УНИАН нашри хабар беришича, Украина қуролли кучлари Харкив области шимолида, Украина-Россия чегарасидаги Гоптовка назорат-ўтказиш пунктини эгаллаган. Украина ҳудудий мудофаа кучларининг 130-батальони жангчилари чегара пунктида олинган видеони намойиш этган.

«11 сентябр куни Гоптовка Украина қуролли кучлари назоратига ўтди», — деган видеода украин ҳарбийларидан бири.

Сентябр ойи бошида украин армияси Харкив областида қарши ҳужумга ўтди, шундан кейин Россия қўшинлари чекина бошлади. РФ мудофаа вазирлиги бу чекинишни изоҳлай туриб, «қўшинларни кўчириш ва қайта йўналтириш бўйича амалиёт ўтказилаётгани»ни маълум қилди. 11 сентябр куни Харкив области маъмурияти раҳбари Олег Синегубов украин ҳарбийлари ҳудудда 40 дан ортиқ аҳоли пунктларини озод этганини маълум қилди.

  • 11 сентябр куни Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний украин армияси сентябр бошидан буён уч минг квадрат километрдан ошиқ ҳудудни Украина назоратига қайтарганини маълум қилди. Америкадаги Урушларни тадқиқ этиш институтига (ISW) кўра, бу Россия армияси апрел ойи бошидан буён эгаллаган ҳудудлардан кўпроқ.
Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top