Жаҳон | 17:39 / 12.09.2022
15991
2 дақиқада ўқилади

БМТ: Россия Украина билан урушга қарши бўлганларни таъқиб қилмоқда

Фото: РИА Новости

Урушга қарши бўлганларнинг таъқиб қилиниши Россия конституциясида кафолатланган эркинликларга путур етказади, дея таъкидлади БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши. Ҳуқуқ фаоллари Россияда инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини текшириш учун мустақил орган тузишга чақирди.

Россия ҳукумати Россиянинг Украина билан урушига қарши бўлганларни таъқиб қилмоқда ва қўрқитмоқда ҳамда сўз, йиғилиш ва сўз эркинлигини чеклаш бўйича қўшимча чоралар кўрмоқда, дея маълум қилди БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари вазифасини бажарувчи Нада ал-Нашиф 12 сентябр, душанба куни Женевада БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши йиғилишининг очилишида. 

«Россия Федерациясида Украинадаги урушга қаршилигини билдирган одамларга нисбатан амалга оширилаётган таъқиблар, чекловчи чоралар ва репрессиялар конституция билан кафолатланган асосий эркинликларга, жумладан, сўз, йиғилиш ва уюшмалар эркинлиги ҳуқуқига путур етказади», — деди ал-Нашиф. Шунингдек, у Россия расмийлари журналистларга босим ўтказиш, цензура жорий этиш ва интернетга киришни тўсиб қўйиш орқали ахборотдан эркин фойдаланиш ҳуқуқини бузаётганини таъкидлади. 

24 февраль куни Украинага қуролли босқин бошланганидан кейин Россия БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашидан чиқариб юборилди. Бир қатор инсон ҳуқуқлари ташкилотлари кенгашни Россияда эҳтимолий инсон ҳуқуқлари бузилишини текшириш учун мустақил орган тузиш талаби билан резолюция қабул қилишга чақирди. 

Россияда Украинага бостириб кириш бошланганидан бери урушга қарши намойишларнинг 16 мингдан ортиқ иштирокчиси қўлга олинди, армияни обрўсизлантириш маъмурий моддаси бўйича уч мингдан ортиқ баённома тузилди, Россия армиясига қарши «фейклар» моддаси бўйича юздан ортиқ жиноий иш қўзғатилди.

Ўнлаб одамлар, жумладан Владимир Кара-Мурза ва Иля Яшин каби таниқли сиёсатчилар ҳибсга олинган. Минглаб сайтлар блокланган. 

Мавзуга оид