13 сентябрда Сенатнинг 32-ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Мажлис танқидий ва бироз асабий руҳда ўтди.
Муҳокамалар давомида Сенат раиси Танзила Норбоева вазирлик идораларнинг шунчаки ахборот ёки ҳисоботлар эмас, сенаторлар томонидан берилаётган саволларга аниқ жавоб беришни сўради.
Ялпи мажлисда портлаётган газ баллонлари муаммоси яна кўтарилди. Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов газ баллонлари ўрнатилган автомобиллар “кўз билан” техник кўрикдан ўтказилганини айтди.
“Сенатнинг олдинги ялпи мажлисларида халқимизни қийнаётган муаммолардан бири – автомобилларга ўрнатилган газ баллонлари билан боғлиқ масала кўтарилиб, Сенат томонидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборилганди. Июн ойида кўрсатилган 1300дан ортиқ камчиликлардан 815 таси бартараф этилгани, 70 та газ шохобчаларининг фаолияти вақтинча тўхтатилгани тўғрисида ҳисобот берилганди. Шунга қарамасдан, шу йил ёзида Сирдарё вилоятида Хоразм вилоятидаги “Питак-Сармишсой” МЧЖга қарашли автобус аҳолини олиб кетаётганда газ баллони портлади ва натижада 6 нафар фуқаро воқеа жойида ҳаётдан кўз юмди ва 9 нафари шифохонанинг жонлантириш бўлимига жойлаштирилди”, – деди сенатор.
Унинг айтишича, бу – Вазирлар Маҳкамаси қароридаги вазифа, яъни юк машиналари ва автобусларга ўрнатилаётган газ баллонларни техник кўрикдан ўтказиш лабораторияларини харид қилиб олиш вазифаси бажарилмаётганини кўрсатмоқда.
Ялпи мажлис давомида Танзила Норбоева ҳудудларда қурилиш компаниялари бир вақтнинг ўзида 10-20 талаб қурилиш лойиҳаларини ютиб олаётгани, бу эса сифатни тушираётганини айтди.
“Шаффоф тендер тизими қарор билан белгиланган, тўғрими? Мисол учун, битта объектни ютган қурилиш ташкилоти қурилишини тугатмасдан бошқа объектни ҳам ютиб олади. Ўн бешталаб объектни ютиб олган ташкилотларни биламиз-да. Биринчидан, бу сифатсиз қурилишга олиб келяпти. Иккинчидан, мана шунақанги иш ўринларида ҳам ҳар хил муаммолар келиб чиқяпти. Шунинг учун шаффоф тендер йўналишида ишларни қайта кўриб чиқиш зарурати туғилмадими?
Қандай қилиб битта фирма ўн бештадан, йигирматадан объектни ютиб олиши мумкин? Қанақа қилиб ишини якунламасдан, топширмасдан, одамларни рози қилмасдан яна бошқа объектни ютиб олаверади? Қанақа қилиб? Қанақа ёндашув?” – деди Сенат раиси қурилиш вазири ўринбосари Шукрулло Жаҳонгировга.
Вазир ўринбосари бу каби ҳолатлар жуда кўплаб кузатилаётганини тасдиқлади.









