Artemis дастури нима ва одамлар нега Ойга қайтмоқда?
АҚШ собиқ вице-президенти Майк Пенс яқин йилларда одамлар Artemis миссияси доирасида Ойга қўнишини расман ваъда қилганди. Бундай лойиҳа нега керак бўлиб қолганини NASA шундай тушунтирди: «Биз Ойга илмий кашфиётлар, иқтисодий манфаатлар ва тадқиқотчиларнинг янги авлодини илҳомлантириш учун қайтяпмиз. Artemis миссияси келажакдаги парвозлар учун асосдир».
Artemis миссияси аниқ белгиланган учта босқичдан иборат:
- Artemis I (2022): экипажсиз синов парвози;
- Artemis II (2024): экипажнинг Ой атрофидаги парвози;
- Artemis III (2025): экипажнинг парвози ва Ойга қўниши.
АҚШ ҳукумати ушбу миссияни тўлиқ қўллаб-қувватлаяпти ва келгуси йиллардаги барча харажатлар учун маблағ ажратган.
Artemis I миссияси 42 кун давом этади – у ракетанинг экипаж билан бирга учишга тайёрлигини намойиш қилиши керак. Бунинг учун Boeing компанияси Orion космик кемасини ойга етказадиган SLS ракета-ташувчисини ишлаб чиққан.

SLS ракетаси баландлиги қарийб 100 метр, оғирлиги 2,5 минг тонна ва тортиш кучи 4 минг тоннага етади. Orion капсуласи тўрт нафар астронавтни олиб юради ва бошқа космик кемага туташмасдан 21 кун давомида парвоз қилишга қодир. Artemis I миссиясида унинг Ерга қайта олиши синовдан ўтказилади ва парвоз пайтида астронавтлар дуч келадиган эҳтимолий юкламалар ҳисоблаб чиқилади.
Artemis дастурининг асосий мақсади – космик тадқиқотлар учун пойдевор яратиш. Унинг кичик мақсадлари ҳам бор: ёнилғи ва қурилиш материаллари учун муқобил ресурслардан фойдаланиш, космик иқтисодиётнинг пойдеворини босқичма-босқич ишлаб чиқиш. Artemis тажрибаси, бошқа нарсалар қатори, ўнлаб йиллардан кейин Ойга тижорат парвозларини амалга ошириш учун ҳам қўлланиши мумкин.
Жон Кеннеди номидаги космик марказ директори Боб Кабана Ойнинг янги тадқиқоти билан боғлиқ глобал воқеаларни башорат қилди, улар инсоният келажаги билан боғлиқ: «Биз ўз сайёрамиздан ташқарига чиқиб, Қуёш тизими бўйлаб саёҳат қилиш имкониятини ўрганишимиз керак. Агар биз омон қолишни истасак, бу жуда муҳим бўлади. Ким билсин, бир кун келиб бу асқатиши мумкин».
Artemis I бу борадаги дастлабки қадам бўлади. АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари авиация ва космик тадқиқотлар мактаби профессори Венди Уитман Коббнинг сўзларига кўра, бу жуда муҳим босқич ҳисобланади. «Ракетанинг қанчалик тўғри ишлашини аниқлаб олиш зарур. Агар муваффақиятли чиқса, NASA кейинги икки йил ичида амалга ошириладиган барча миссиялар учун пойдеворга эга бўлади».
















