Ўзбекистон | 13:50 / 15.09.2022
9664
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ёшлар ташкилотларининг асосий вазифаси этатизмни шакллантириш бўлиб қолмоқда – Сиёсатшунос

Бизга шундай ёшлар қатлами керакки, улар масалан, 2030-40-50-йилларга бориб, Ўзбекистоннинг муаммолари нима бўлади ва уларга қандай ечим излаймиз деган саволларга жавоб берадиган бўлиши керак. Ҳозир бу масалада на Ёшлар ишлари агентлиги ва на бошқа жамоат ташкилотлари бош қотираётгани йўқ. Ўйлашимча, бу Ўзбекистоннинг йирик муаммоларидан бири, – деди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.

Фото: Ёшлар ишлари агентлиги

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Kun.uz’га берган интервьюсида Ёшлар ишлари агентлиги олдига Ўзбекистон ёшларининг дунёқарашини кенгайтириш вазифаси қўйилмаганини танқид қилди. Унга кўра, бугун ёшлар ташкилотларининг асосий вазифаси ёшларнинг давлатга мойиллиги ва содиқлигини кучайтиришдангина иборат бўлиб қоляпти.

“Мен бугун Ёшлар ишлари агентлиги ва Ёшлар иттифоқи олдига қўйилган мақсад, вазифаларга ҳам тўхталмоқчи эдим.

Масалан, Ёшлар ишлари агентлиги сайтига кириб кўрганимда, уларнинг олдига ёшларнинг дунёқарашини шакллантириш вазифаси қўйилмаганини кўрдим. Уларнинг олдига қўйилган асосий вазифа бу этатизмни шакллантириш (этатизм – давлатни жамият тараққиётининг юқори натижаси ва мақсади ҳамда иқтисодий ва ижтимоий ривожланишнинг асосий, ҳал қилувчи омили деб ҳисобловчи ижтимоий тафаккур йўналиши – таҳр.). Яъни уларнинг олдига ёшларнинг давлатни яхши кўриш ва унга мойиллигини, содиқлигини кучайтириш вазифаси қўйилган. Бу вазифа бугун ҳам сақланиб қоляпти.

Хўш, Ўзбекистон учун қандай синф, қандай ёшлар керак?

Менимча, бу ташкилотларнинг олдига ёшларда ҳуқуқий давлатчилик нима, инсон ҳуқуқлари нима, ёшлар учун келажакда қандай сиёсий партиялар керак, Ўзбекистон парламенти қандай бўлиши керак ва биз қандай ёшларни шакллантиришимиз керак, деган саволлар қўйилмаяпти”, – деди у.

Раббимов шунингдек, сайт мухбирининг агентлик олдига бундай мақсад қўйишни давлат ўзи истайдими, мазмунидаги саволига ҳам жавоб берди.

“Шу масалада менда ҳам шубҳа бор. Яъни ҳеч ким бу масалани кўтараётгани йўқ. Сиз бутун дунёга қарасангиз, мамлакатда икки йирик партия, икки йирик сиёсий оқимни кўрасиз. Масалан, марказга яқин ўнглар – консерваторлар ва марказга яқин сўллар – социал демократлар.

Аммо Ўзбекистонда бешта сиёсий партия фаоллари билан гаплашсангиз, улар ўз партиясининг мафкурасини тушунтириб беролмайди. Улар классик дунёсининг муаммоларини тушунтириб беролмайди, ечим излолмайди. Нима учун? Чунки уларнинг ўртасидаги фарқни ҳатто партия функционерлари ҳам тушунмайди.

Бизга шундай ёшлар қатлами керакки, улар масалан, 2030-40-50 йилларга бориб, Ўзбекистоннинг муаммолари нима бўлади ва уларга қандай ечим излаймиз, деган саволларга жавоб берадиган бўлиши керак.

Ҳозир бу масалада на Ёшлар ишлари агентлиги ва на бошқа жамоат ташкилотлари бош қотираётгани йўқ. Ўйлашимча, бу Ўзбекистоннинг йирик муаммоларидан бири”, – деди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид