Жаҳон | 19:07 / 15.09.2022
15941
2 дақиқада ўқилади

«Вазият жуда кескин». «ЛХР» раҳбари украин қўшини бутун фронт бўйлаб ҳужумга ўтганини маълум қилди

Украина қуролли кучлари бутун фронт бўйлаб ҳужум бошлаган. Бу ҳақда ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «Луҳанск халқ республикаси» раҳбари Леонид Пасечник маълум қилди.

«Вазият жуда кескин», — дея Пасенчикнинг баёнотини келтиради ТАСС. Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда Украина қўшини «ЛХР» чегарасида турибди. 

Шу билан бирга, ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган республика раҳбари «ортиқча ваҳимага асос йўқлиги, республика одатий режимида яшаётгани»га ишонтирган.

«Қарши ҳужумга уринишлари барибир тўхтатилади, қўшинларимиз томонидан яксон этилади», — дея қайд этган Пасечник.

14 сентябр куни «ЛХР» халқ милицияси вакили Андрей Марочко украин қўшини республика чегараларига яқинлашиб келаётганини айтганди. «Вазият чиндан мураккаб», — деганди Марочко ва «ЛХР» ҳудуди «тўлиғича назорат остидалиги»ни қўшимча қилганди.

Мавзуга оид