«Бу нима билан тугашини кўрамиз». Путин Украинанинг қарши ҳужуми ҳақида
Россия президенти Владимир Путин Украина армиясининг Харкивда 10 кун муқаддам бошланган қарши ҳужумига қандай баҳо бериши тўғрисидаги саволга тўғридан тўғри жавоб беришдан қочди. У Россия тўлиқ куч билан жанг қилмаётгани, Донбассда ҳужум амалиёти давом этаётганини айтди.
Россия президенти Владимир Путин Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммити якунлари бўйича матбуот анжуманида Украина борасидаги бир неча саволга жавоб берди.
Украинанинг қарши ҳужуми ҳақида
Киев ҳукумати фаол қарши ҳужум операциясини ўтказаётганини айтди. Бу қандай ривожланишини ва нима билан тугашини кўрамиз. Киев Украина хавфсизлиги кафолатлари лойиҳаси доирасида нимани таклиф қилаётгани билан таниш эмасман. Биз Киев ҳукумати билан музокара жараёнини ўтказдик, бироқ улар барча келишувлардан бош тортди. Улар жанг майдонида ғалабага эришишларини эълон қилишди. Оқ йўл. Ҳозир улар мана шунга уринишмоқда. Махсус ҳарбий операция бошлангунига қадар биз Россиянинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари ҳақида гапиргандик. Лекин ҳеч ким бунга эътибор қаратишни муҳим деб ҳисобламади.
«Махсус операция»нинг мақсади ҳақида
Махсус ҳарбий операция режасини таҳрирлашнинг кераги йўқ. Асосий мақсад бутун Донбасс ҳудудини озод қилиш. Донбасснинг ўзида ҳужум операцияларимиз тўхтагани йўқ. Улар секинлик билан, лекин собит кечмоқда, Россия армияси мунтазам равишда янги ва янги ҳудудларни эгаллаяпти. Биз бутун армиямиз билан жанг қилмаяпмиз, биз Россия армиясининг бир қисми, шартномачи қисми билан жанг олиб боряпмиз. Биз шошмаяпмиз. Асосий вазифа ўзгаришсиз қолади ва у амалга оширилади.
Украина билан музокаралар шартлари ҳақида
Улар рад этишмоқда ахир. Биринчи шарт – уларнинг рози бўлиши, лекин буни хоҳлашмаяпти. Жаноб Зеленский тайёр эмаслиги ва Россия билан гаплашишни хоҳламаслигини ошкора эълон қилди. Тайёр эмасми – керакмас. Эрдўған ҳар доим, анчадан бери Зеленский билан учрашишни таклиф қилади. Бунинг ҳеч қандай ёмон томони йўқ, Туркия президенти вазиятни барқарорлаштиришга сезиларли ҳисса қўшмоқда.
Россия ҳудудига зарбалар берилиши ҳақида
Махсус ҳарбий операция давомида террорчилик ҳаракатларини амалга оширишга, фуқаролик инфратузилмамизга зарар етказишга уринишларни кўряпмиз. Бунга етарлича босиқлик билан жавоб қайтаряпмиз. Лекин бу вақтинча. Яқинда Россия қуролли кучлари бир жуфт оғриқли зарба берди. Буни огоҳлантирувчи зарба деб ҳисоблаймиз. Агар вазият шундай ривожланишда давом этадиган бўлса, жавоб янада жиддий бўлади.
Мавзуга оид
07:56
Пентагон Украинага ёрдам учун қолган пул миқдорини эълон қилди
22:15 / 12.11.2024
ОАВ: Путин Трампнинг инаугурациясигача Курскни қайтаришни буюрди
21:13 / 12.11.2024
Суджаликлар яна бир бор ўз яқинлари эвакуацияси учун гуманитар йўлак сўради
20:43 / 12.11.2024