Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон пойтахти Нур-Султонга Остона номини қайтариш тўғрисидаги фармонини имзолади. Шунингдек, у шанба куни мамлакат қонунчилигига тузатишлар киритиш тўғрисидаги қонунни ҳам тасдиқлади - бу тузатишлар пойтахт номини ўзгартириш имконини беради.
«Қозоғистон Республикаси пойтахти Нур-Султон шаҳри номи - Қозоғистон Республикаси пойтахти Астана деб ўзгартирилсин. Ушбу фармон эълон қилинган кундан кучга киради», дейилади Тўқаев сайтида эълон қилинган ҳужжат матнида.

Қозоғистон пойтахти Остона номи уч йил олдин Нур-Султон деб ўзгартирилган эди. Эндиликда шаҳарга аввалги номини қайтариш ғояси парламент депутатлари томонидан илгари сурилди, уни президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Конституциявий кенгаш қўллаб-қувватлади ва ўзгариш Конституцияда мустаҳкамланди. Шу тариқа, шаҳар 1992 йилдан бери тўртинчи марта номини ўзгартирмоқда.

Акмолинск (1832-1961). 1832 йилда Россия империяси томонидан Ишим (Есил) дарёси бўйича кичик қалъа-истеҳком қурилди. Унда кичик ҳарбий отряд жойлаштирилди. Улар ҳудудни ва йўлларни қароқчилардан ҳимоя қилиши керак эди.
Акмолинск ҳудуднинг Оқмўла номидан олинган. Бу ном қадимги ҳун тилидан келиб чиққан бўлиб, оқ қалъа маъносини англатади. Қадимда бу жойларда ҳунлар оқ тошлар ва пишган ғиштдан турли истеҳкомлар, кичик қалъалар, мақбаралар барпо этишган. Улар Есил ва Нура дарёлари бўйига қурилган ва узоқдан кўзга ташланиб турган. Улардан бири Қораўткелда (ҳозирги Остона шаҳри ўрнида) бўлган.
Акмолинск қалъаси Россиядан Осиёга олиб борадиган савдо йўллари чорраҳасида жойлашгани туфайли тезда кенгайиб боради. 1862 йилда у шаҳар мақомини олади. 4 йил ўтгач, Акмола вилояти пайдо бўлди. 1910 йилга келиб, шаҳарда 13 минг аҳоли яшар эди.

Целиноград (1961-1992). Советлар даврида Оқмўла вилояти қўриқ ерларни ўзлаштириш бўйича ишлаб чиқилган кенг кўламли дастурнинг асосий йўналишларидан бирига айланди. 1953-1958 йилларда ҳудудга 270 минг киши кўчиб борди ва у қишлоқ хўжалигининг йирик марказига айланди. 1960 йилда шаҳар номи Целинная ўлкаси (бўз, қўриқ ерлар ўлкаси) деб ўзгартирилди, Акмолинск эса Целиноград номини олди.
















